Прописка учун тузилган никоҳ бекор қилинди

231762_originalМаълумки, Тошкент шаҳри ва вилоятида фуқароларни доимий прописка қилишда алоҳида тартиб амал қилади. Ана шундай таомиллардан бири никоҳдан ўтиш орқали эр ёки хотиннинг доимий пропискаси ҳал этилади.

Миробод тумани прокуратураси терговчиси Баҳром Нурматовнинг “Ҳуқуқ” газетасида ёзишича, никоҳларнинг сохталиги аниқланса, суд томонидан бекор қилиниши мумкин.

Терговчининг ёзишича, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига фуқаро Дилором Сафарова даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Акмал Хўжаевга нисбатан никоҳни ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Суд мажлисида аниқланишича, даъвогар Д. Сафарова ва жавобгар А. Хўжаев билан 2010 йил 16 июнь куни Чилонзор тумани ФҲДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтишган. Бироқ бу никоҳ оила қуриш мақсадида эмас, балки ўзаро келишилган шарт асосида тузилган. Тарафлар оилавий муносабатларга киришмаган, умумий рўзғор юритмаган. Келишувга кўра, Чилонзор туманидаги уйни жавобгар А. Хўжаев “ҳадя” тариқасида қабул қилиб, Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга ўтиши, бунинг учун ундан талаб қилинадиган нарса — даъвогар Д. Сафаровага уйланиши ва “никоҳ”дан кейин уйни унинг номига расмийлаштириб бериши, шундан кейин судга ариза бериб, ажрашиш керак бўлган.

Терговчининг ёзишича, бу сохта никоҳдан кўзланган мақсад Д. Сафарованинг Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга ўтиши ва уйни ўз номига расмийлаштириши керак бўлган. Бироқ сохта куёв — А. Хўжаев фикридан қайтиб, “келин” — Д. Сафаровани пропискага қўйиш ҳамда уйни унинг номига ўтказиб беришдан айниб қолади. Шундан кейин Д. Сафарова судга никоҳни ҳақиқий деб топишни сўраб мурожаат қилади ва суд унинг аризасини қаноатлантиради.

Амалдаги қонунчиликка кўра, эр (хотин) — хотини (эри) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига, башарти камида бир йил биргаликда яшаётган бўлса Тошкент шаҳри ва вилоятида прописка қилинади.

Эслатма: материалдаги исм-фамилиялар ўзгартириб берилган.