Барак Обама икки ўт орасида қолди

Obama--621x414Вашингтон шу йилнинг сентябрь ойида мўлжалланаётган Барак Обама ва Владимир Путин учрашувини бекор қилиш бўйича аниқ қарорга келишга қийналмоқда. Бунга асосий сабаб АҚШ миллий хавфсизлик идораларининг махфий дастурларини оммага эълон қилиб, ҳозирги кунда Москвада “жон сақлаётган” Эдвард Сноудендир. Барак Обама нафақат ўз маъмуриятида, балки кенг жамоатчилик томонидан ушбу учрашувни бекор қилиш бўйича жиддий босимга учрамоқда. Агар Обама Сноуден бўлиб турган Москвага ташриф буюрадиган бўлса, Конгресс билан муносабатлари жиддийлашиши мумкин.

Расмий Вашингтон катта йигирматаликнинг Санкт-Петербург саммити доирасида Путин ва Обама учрашувини ташкил қилиш кўп жиҳатдан Москванинг Сноуден масаласидаги позициясига боғлиқлигини таъкидламоқда. АҚШ маъмурияти халқаро каналлар орқали ҳам, қолаверса, дипломатик йўллар билан ҳам Россияга Сноуден масаласида ўз талабини изчил илгари суриб келмоқда.

Аммо Россия бу саъй-ҳаракатларга кўп ҳам ишонч билдирмаётган кўринади. Гап шундаки, Эдвард Сноуден Шереметьево аэропортининг транзит зонасида бир қатор инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланидан халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, айни пайтда Давлат Думаси аъзолари билан учрашган. Унга вақтинчалик бошпана бериш жараёни бошлаб юборилган, қолаверса, сўнгги маълумотларга кўра, у аэропорт ҳудудини тарк этган. Буларнинг барчаси Россиянинг ушбу масаладаги позициясини кўрсатади.

Сноден масаласидан ташқари, Путин — Обама учрашувида кўрилажак бошқа масалаларнинг ҳам ечими ҳам қоронғу бўлиб қолмоқда. Масалан, ядро қуроли арсеналларини қисқартириш, ракетага қарши мудофаа тизими, шунингдек, Сурия масаласи ана шулар жумласидандир. Экспертлар Эрон, Афғонистон, шунингдек, иқтисодий йўналишдаги музокаралар самарали бўлишига ишонч билдиришмоқда.

Шуни қайд этиш керакки, Барак Обаманинг Россияга ташрифини бекор қилиш тарафдорлари тобора фаоллашиб бормоқда. Чунки Сноуден сентябрь ойига қадар Москвани тарк этиши эҳтимолдан йироқ. Шу боис Барак Обама унинг Америкага қайтарилишини изчил талаб қилаётган бир шароитда, ўзи Москвага бориши яхши самара бермайди, дейишмоқда таҳлилчилар.

Оқ уй Москвада алоҳида саммит ўтказилиши президент маъмурияти ва Конгресс ўртасида инқирозни янада чуқурлаштириб юбориши мумкинлигидан хавотир олмоқда. Конгресс Обама маъмуриятининг Сноуден бўйича олиб бораётгани сиёсатини “мағлубиятга тенг” саъй-ҳаракат сифатида баҳоламоқда. Масалан, республикачи-сенатор Жон Маккейн твиттердаги саҳифасида “Қайта тиклаш тугмасини босишда давом этаверинг” деб ёзди. Сенатнинг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Роберт Менендес Сноуденга бошпана тақдим этилиши Америка — Россия муносабатларига салбий таъсир кўрсатишини маълум қилган.

Обама учун ҳозирги кунда Конгресснинг қўллаб-қувватлови ҳаёт-мамот масаласи. Чунки президент шу кунларда АҚШ иқтисодиёти оёққа тураётганлигини ҳамда ўрта синф вакиллари учун имкониятлар эшигини очишни назарда тутадиган кенг қамроқли тарғибот кампаниясини бошлади. Чунки Обаманинг иккинчи муддатга сайланиши учун асосий мавзу иқтисодиётни оёққа турғазиш бўлган эди. Шу боис Конгресснинг “асабига тегмаслик” учун Обама Путин билан учрашувдан воз кечиши мумкин.