Бир килограмм озгани учун 1 грамм олтин олишади

55224Дубай ҳукумати шаҳар аҳолисини семириш касаллигидан ҳимоялаш учун янги ташаббусга қўл урди. Унга кўра, дубайликлар озган ҳар бир килограмми учун 1 грамм миқдорида олтин олишади. “КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, ортиқча вазн йиғиш асосан юқори даромадли аҳоли ўртасида кенг тарқалган бўлиб, экспертлар бу ташаббуснинг самара беришига кўп ҳам ишонишмаяпти.

Янги ташаббусга кўра, дубайликларга бир ой давомида йўқотилган 1 килограмм вазн учун 1 грамм олтин тақдим этилади, бу ўртача 45 доллар дегани. Мазкур тадбир семиришга қарши курашиш дастури доирасида амалга оширилаётир. Ҳукуматдан компенсация олиш озилган дастлабки 2-килограммдан бошланади.

Маҳаллий аҳоли орасида ҳақиқатдан ҳам ортиқча вазн муаммоси бор, дейди Дубайдаги vkybe.tv бўлими таъсисчиси Азим Ўринов. “Бу ерда фастфудга ўхшаган жуда кўп овқатланиш муассасалари бор. Шаҳарнинг ўта иссиқлиги боис кўчаларда одамларни қарийб учратиш қийин. Қаердадир сайр қилаётган ёки юрган одамлар бўлса, уларнинг аксарияти асосан супермаркетларда бўлади. Кўпчилиги эса уйда ўтиришни афзал билишади. Кам ҳаракат, қолаверса, кўп овқатланиш ҳолатлари кўп кузатилади. Буларнинг барчаси семиришга олиб келадиган омиллардан ҳисобланади”, дейди у, жумладан.

Шуни айтиб ўтиш керакки, бундай ташаббуслар яна кўплаб мамлакатларда синовдан ўтган. Уларда нафақат маънавий, балки моддий рағбатлантиришга ҳам тааллуқлидир. Масалан, бундай лойиҳалар:

2007 йилда Италиянинг Варалло шаҳари мэрияси  шундай ташаббусни илгари суради. Унга мувофиқ, эркаклар ҳар йўқотган 4 килограмм вазни учун 50 евродан, аёллар эса ҳар уч килограмм вазни учун шунча миқдорда маблағ билан рағбатлантирилган. Агар шаҳар аҳолиси беш йил давомида ортиқча вазн йиғмаса, улар 500 евро олиши эълон қилинган.

2009 йилда Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати Кент графлигида битта лойиҳани синовдан ўтказади. Унга мувофиқ, лойиҳа доирасида мукофот олиш учун фуқаро 13 ойлик муолажа дастурида қатнашиши керак эди. Мукофот миқдори йўқотилган вазн билан боғлиқ эди: 7 килограмм учун 70 фунт стерлинг, 13 килограмм учун 160 фунт стерлинг, 22 килограмм учун 425 фунт.

2011 йилнинг АҚШнинг Kaiser Permanente Colorado суғурта компанияси “Озгин ва ютиб ол” деб номланган акцияни ўтказади. Унга мувофиқ, штатда махсус тарози пунктлари ташкил этилди. Натижалар эса видеокамералар билан кузатиб борилади. Унда озган ҳамда вазнини бир маромда ушлаб турган штат аҳолисига 15 доллардан 150 долларгача тақдим этилган. Ушбу акцияда 9000 нафарга яқин одам иштирок этган. Озиш кўрсаткичи ўртача 5 килограммни ташкил қилган.

Жорий йилнинг май ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари семиришга қарши янги усулни тавсия қилишмоқда. Унга кўра, ортиқча вазн эгалари гўшт ва балиқ ўрнига чумолилар билан озиқланиши керак.