Ўзбекистон парламентидаги демократик блок янги қонун лойиҳасини илгари сурмоқда

22-01-2009Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP, «Миллий тикланиш» ДП ва «Адолат» СДП фракцияларининг қўшма йиғилишида «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ ташаббуслар атрофлича муҳокама қилинди

“XXI Аср” газетасининг ёзишича, бугунги тезкор давр бундан буён ҳам кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда сиёсий партияларнинг, айниқса, уларнинг ҳудудий ташкилотлари ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ролини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

– Амалдаги қонун ҳужжатларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари кенгашларидаги партия гуруҳларини ташкил этиш тартиби ва фаолиятини тугатиш шартлари, шунингдек, сиёсий партияларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ечишдаги роли ва ўрни ҳали етарли даражада очиб берилмаган, – деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Комилов. – «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига айнан шу масалани аниқроқ белгиловчи қўшимчалар киритиш зарурлиги режалаштирилмоқда. Шунингдек, сиёсий партияларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ечишдаги роли ва масъулиятини янада ошириш, улар томонидан сайловчилар манфаатини ифодалашнинг янги, янада самаралироқ механизмларини ишлаб чиқишни талаб қиладиган тобора чуқурлашиб бораётган демократик ислоҳотлар жараёни мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаш заруратини юзага келтираяпти.

O`zLiDeP фракцияси аъзоси Маъруф Усмоновга кўра,  қонунчиликда «партия гуруҳи» тушунчасига аниқ таъриф бериш, партия гуруҳини ташкил этиш тартиби ва шартларини аниқ кўрсатиш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида партия гуруҳини ташкил этиш учун депутатларнинг энг кам миқдорини беш нафар этиб белгилаш борасидаги таклифлар ўртага ташланди. Унинг фикрича, таклиф этилаётган ўзгаришлар қонунчиликда ўз аксини топса, маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳларининг ваколатлари ва ҳуқуқларини сезиларли даражада кучайтиради. Жумладан, илгари сурилган таклифлар орасида партия гуруҳларини тегишли вакиллик органи комиссиялари раислигига, раис ўринбосарлигига ва аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш, муайян ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбари ҳисоботини сессияда эшитиш ташаббуси билан чиқиш каби ваколатлар билан янада кучайтириш назарда тутилаяпти.

Муҳокамалар якунида Қонунчилик палатасида фаолият юритаётган O`zLiDeP, «Миллий тикланиш» ДП ва «Адолат» СДП фракциялари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Унга билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунига тегишли ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифларни умумлаштириш ва тегишли тартибда қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш учун тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, O`zLiDeP, «Миллий тикланиш» ДП ва «Адолат» СДП парламент қуйи палатасида демократик блокни ташкил қилган бўлиб, уларга нисбатан Ўзбекистон халқ демократик партиясини ўзини мухолиф деб эълон қилган.