Академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов вафот этди

9187Ҳуқуқшунослик соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, Олий Мажлис Сенати Раиси Илгизар Собиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Дилором Тошмуҳаммедова, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон фанлар академияси президенти Ш.Солиҳов номидан расмий таъзия билдирилган.

Ҳ.Раҳмонқулов 1925 йили туғилган. 1950 йили Тошкент юридик институтини тугатиб, иш фаолиятини Ўзбекистон Адлия вазирлиги бошқармасида катта ревизор сифатида бошлади. 1957-1960 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институти аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги этиб сайланди.

“Ўзининг қарийб 55 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институтида кичик илмий ходим, бўлим мудири, институт директори, Тошкент юридик институтида кафедра мудири, профессор лавозимларида самарали меҳнат қилди, юртимизда малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди”, дейилади расмий таъзия хатида.

Таниқли олимнинг Ўзбекистонда миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш, мулкий муносабатлар ва хўжалик юритиш ишларини ҳуқуқий тартибга солиш каби долзарб масалаларга, ҳуқуқшунослик фанининг назарий ва амалий муаммоларига бағишланган илмий тадқиқотлари, кўплаб мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум.

Заҳматкаш олим ўз фаолияти давомида жонкуяр устоз сифатида ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланди.

Академик Ҳ.Раҳмонқулов “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, “Жасорат” медали билан мукофотланган эди.

«Таниқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади», деб якунланади таъзиянома.

Ҳ.Рамҳонқуловнинг ўғли М. Раҳмонқулов узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул лавозимларда ишлаб келади.