Регистон “Шарқ тароналари”га ҳозирлик кўрмоқда

sharq-taronalariМаълумки, шу йил август ойида Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади.

Илк бор ўтказилган мусиқий фестивалда 31 давлат вакиллари қатнашган бўлса, 2011 йилга келиб иштирокчи давлатлар сони 56 тага етди. Ўтган фестивалларда нафақат шарқ мамлакатлари, балки ­дунёнинг бошқа қитъаларидан келган санъаткорлар ҳам Регистон майдонида ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Ташкилий қўмита ишчи гуруҳи вакилларига таяниб, “Даракчи”нинг маълум қилишича, ҳозирда Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида фестивалнинг асосий саҳнаси ва амфитеатр ўрнатилиб, уни безатиш ишлари олиб борилмоқда. Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этувчилар ва фольклор жамоалари сараланиб, репетициялар ўтказилмоқда.

Шаҳардаги музейлар, миллий ҳунармандчилик марказлари янги экспозициялар билан бойитилди. Фестивал кунлари бўлиб ўтадиган миллий чолғу асбоблар кўргазмаси ҳамда тарихий либослар намойишининг ташкилий ишлари олиб борилмоқда.

1997 йилда ўтказилган илк фестивалда таниқли санъаткоримиз, Ўзбекистон халқ артисти Муножот ­Йўлчиева 1-ўринни қўлга киритган эди. 2011 йилда эса у фестиваль ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этди. Авваламбор, фестивалнинг савия­си ўсиб бораётганини таъкидлаш керак. Нафақат иштирокчилар сони, балки маҳоратли санъаткорлар сафи ҳам кенга­йиб бормоқда. Айрим давлатлардан эндиликда бир неча ижодий гуруҳлар фестивалда иштирок этиш истагини билдиряпти. Улар сараланган ҳолда бизга келишяпти. Яна бир қувонарли жиҳати, «Шарқ тароналари» ўзимизнинг қўшиқчилар ижодига ҳам катта ижобий таъсир кўрсатяпти», дейди Муножот Йўлчиева «Ўзбекистон овози» газетасига берган интервьюсида.0407135

Хонанданинг айтишича, ўшанда ҳаяжони жуда кучли бўлган. Чунки шошмақом дунё мусиқасида ўзининг муносиб ўрнига эга. «Мен уни бор бўйича кўрсатиб беришим талаб этиларди. Биздан олдин мақомни ижро этган ҳофизларимизнинг ашулаларини уларникидан кам бўлмаган, керак бўлса, янгича руҳ билан тақдим этиш масъулияти бор эди. Худдики, елкамни бир катта тоғ босиб турганди. Регистондек муқаддас жойда «Шарқ тароналари» фес­тивалида қўшиқ куйлаш — бахт. Бунинг ҳам ўзига хос салобати босади», дейди у.

Муножот Йўлчиева 2011 йилда фестиваль ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этди. «Ҳайъат аъзолари орасида ўтирганда ҳаяжон икки ҳисса баланд бўларкан. Ижрочилар саҳнада ашула айтар экан, овози етмай қолмасин, мусиқачиларда муаммо бўлмасин, техник воситалар панд бериб қўймасин, деб ўтираман. Ўзим ҳам санъаткор бўлганим учун шунақа ҳиссиётларни туйсам керак. Саҳнага ўзбекистонлик санъаткор чиқса, ҳаяжон икки карра ортади. Ўз юртида, ватандошлари кўз ўнгида куйлаётгани учун ҳам яхши қатнашсин, ишончни оқласин, деб ўйлайман», деб фикр билдиради халқ артисти.

Муножот Йўлчиеванинг айтишича, фестивалда ижрони баҳолашда, аввало, миллийликка эътибор қаратилади. Кейинги навбатда овозга ва ижро маҳоратига баҳо берилади. Санъаткор ашулани қандай ижро этаётгани муҳим. «Мен VIII фестивалимизда Гран-Прини олган Жанубий Корея­дан келган Пак Жеонг Вук ва Пак Жонг Гук жуфтлигининг тайёргарлик жараёнини кўрган эдим. Меҳмонхона ортидаги йўлакдан кетаётган пайтимда қулоғимга най овозига ўхшаш товуш эшитилди. Унга доирага ўхшаб кетадиган мусиқий асбоб жўр бўлаётганди. Дастлаб бу товушлар қаёқдан келаётганини англолмадим. Четда турган дарахт ёнига етганимда қарасам, кореялик санъаткорлар репетиция қилишаётган экан. Ишонсангиз, хонандалар ўша пайтда ашулани шунақанги чиройли ижро этдики, мен ҳатто видеога ҳам тушириб олдим. Тан олишим керак, уларнинг овозлари ниҳоятда ноёб. Диапазони катта. Кейинчалик Регистон майдонида ҳам улар ўзларининг маҳоратларини кўрсата олишди. Ва ҳайъат аъзолари бир овоздан уларни ғолиб деб топди. Ўз навбатида, мен ҳам кореялик санъаткорларга юқори баҳо қўйдим», деб ёдга олади.