Ойбек ҲАМРОҚУЛОВ: “Меҳнат ва илҳомсиз яратилган қўшиқ ҳақиқий санъатни севгувчи халқ қалбидан ўрин ололмайди”

O.HamraqulovТаниқли хушовоз хонанда Ойбек Ҳамроқуловнинг айтишича, бугун турли ажнабий куй ва қўшиқларнинг ҳиди келадиган олди-қочди сўзлар билан айтилган ашулаларнинг умрини ҳозирги маш­ҳур ибора билан «бирровлик» деб айт­са бўлади. Меҳнат ва илҳомсиз яратилган қўшиқҳақиқий санъатни севгувчи халққалбидан ўрин ололмайди.

 “Санъат йўлини танлаганимдан ҳамиша мамнунман. Шу йўлда ўз ҳаётимни қурдим. Санъат мени кўп бора тоблади.Меҳнат ва мақсад ҳаётда кўп нарсани ҳал қиларканИнсон ҳар қандай кучни ўзидан излаши керак, деб ўйлайман. Ичингда, қалбингда, ўз вужудингда бирор дард бўлса, унга нажотни, аввало, ўзингдан топишинг керак”, дейди хонанда “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсида.

— Мен бунга ўз ҳаётимда гувоҳ бўлдим. «Соҳибқироним», «Момо ер» қўшиқларимни ижро этиб юрган пайт­ларда бирданига товуш пайчаларимда муаммо пайдо бўлиб, қўшиқ айтолмай қолдим. Бу санъаткор учун жуда катта дард, оғир зарба. Бутун умр қўшиқ айтишни мақсад қилган, тақдирини санъатга боғлаган инсон учун овозидан айрилиш… Бу жуда катта йўқотиш, — дейди хонанда. — Аммо мен тушкунликка тушмадим. «Овозим албатта қайтади!», дея ўзимга далда бердим. Қайғуга берилиб, ич-этимни тирнамадим. Китоблар мутолаа қилдим, ғазаллар ёдладим. Янги сўзларни луғат ёрдамида муттасил ўргандим, устоз санъаткорларнинг ашулаларини такрор-такрор тинглаб, санъатнинг ўзига хос тилсимларини тушунишга ҳаракат қилдим. Орадан етти йил ўтиб овозим ўз ҳолига қайтди, яна ижодга шўнғидим. Мана, икки-уч йилдирки, бир неча янги қўшиқлар ижро этяпман. Ижод қилишдан тўхтамайман, ҳали мухлисларимни хушнуд этиш учун кўп меҳнат қилишим керак.

Хонанданинг айтишича, миллий қўшиқчилигимиз — буюк санъат. Илгари ҳам, бугун ҳам бутун дунё буни тан оляпти. Санъатимизни бундай ўткинчи енгил-елпи қўшиғу клиплар билан муқояса қилиб бўлмайди. Одамларнинг шуурини шоу-бизнесни касб қилиб олган «хонандалар»нинг дардсиз, дидсиз чиқишлари бутунлай эгаллаб оляпти, дейиш бироз нотўғри бўлади, назаримда. Фавқулодда танилиш, моддият илинжидаги ҳаракатлар вақтинчалик. Бундайларнинг «машҳурлиги» ҳам узоққа бормаслиги аниқ.

“Бир вақтлар озарбойжонча, кейин арабча, туркча, эронча усулда қўшиқ айтиш урф бўла бошлади. Европага ҳам тақлид қилиб кўрилди, аммо уларнинг бирортасини халқимиз ҳозир эсламайди, халқнинг дилида ҳамон яшаб келаётган қўшиқлар фақатгина миллий санъатимиз намуналаридир. Шунинг учун бугун турли ажнабий куй ва қўшиқларнинг ҳиди келадиган олди-қочди сўзлар билан айтилган ашулаларнинг умрини ҳозирги маш­ҳур ибора билан «бирровлик» деб айт­са бўлади. Меҳнат ва илҳомсиз яратилган қўшиқҳақиқий санъатни севгувчи халққалбидан ўрин ололмайди”, дейди элимизнинг суюкли хофизи.

Ойбек Ҳамроқулов китобни танлаб ўқишини айтади: “Агар яхши асар бўлса, унинг шеър ёки бошқа жанрда бўлишининг фар­қи йўқ. Бадиий, тарихий, шеърий китоблар, мумтоз шоирларимизнинг ғазаллари — доимий ҳамроҳим. Навоий,­ Фузулий, Бобур китоб­лари жавоним жавоҳирлари, десам адашмайман. Дўстларим ҳам китобни севганимданми, менга кўпроқ китоб совға қилишади. Бундан хурсанд бўламан”.

Таниқли адиб Асқад Мухторнинг «Китобнинг ўқилгани — бойлик, сотиб олингани эмас», деган гапи бор. Шу боис китоб олсам, аввал обдон ўқиб, кейин жавонга жойлайман.

Хонанданинг айтишича, унинг қўшиқларининг асосий манбаи ўзи ўқиган китоблардир. Айниқса, мумтоз ғазалларга жуда қизиқади, қайта-қайта ўқийди, тушунмаган сўзларни луғатлардан топиб, ўрганади. “Юрагимга яқинларини танлаб, сўзларини такрорлаб, маъносини англаганим ҳамоноқ куйи ҳам пайдо бўла бошлайди. Шу аснода қўшиқнинг оҳанги ҳам, сўзи ҳам, куйи ҳам яралади”, дейди хофиз.