Ўзбекистонда ойлик маошлар 15 фоиз оширилади

    0a9834ca5b1052d6013884debacf24a3Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида 2013 йилнинг 15 августидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,15 баравар оширилади. Бу ҳақда мамлакат президентининг фармони қабул қилинган.

    Унга кўра,  2013 йилнинг 15 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи – ойига 91 530 сўм, ёшга доир пенсиялар – ойига 179 020 сўм, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 179 020 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 109 850 сўм миқдорида белгиланади.

    Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар республика Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

    Ўзбекистонда хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар 2013 йилнинг 15 августидан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини ошириши кўрсатиб ўтилган.