Коллежда дарс қолдираётган ўқувчилар ота-оналари жавобгарлиги кучайтирилади

    3428202_6

    Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бу ҳақда «Подробно.uz» янгиликлар агентлиги хабар тарқатди.

    Ушбу қонун лойиҳаси ота-оналар ва уларнинг ўрнини босадиган шахслар томонидан болаларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда умуммажбурий таълимни олишни таъминламаётгани ҳолатларига барҳам бериш мақсадини кўзлайди.

    Амалдаги «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддасида вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар, деб белгилаб қўйилган. Аммо тўлиқ 12 йиллик умуммажбурий таълимни олиш жараёнида болалар вояга етиши (18-19 ёш) ҳисобига қонуннинг ушбу талабини ота-оналарга нисбатан қўллаш имкониятини камайтирди.

    2012-2013 ўқув йили таҳлилларига кўра, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда дарсларни сабабсиз қолдирган ўқувчиларнинг 30 фоизи  вояга етган бўлиб, бу уларнинг ота-оналарини жавобгарликка тортиш имкониятларини камайтирмоқда, деб ёзади янгиликлар агентлиги.

    Шу боис Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг  47-моддасига ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчилар болалари нафақат мактабни, балки касб-ҳунар коллежи ва академик лицейни тўлиқ тамомламагунча, улар учун жавобгар бўлиши ҳақида норма киритиш кўзда тутилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг айтишича, 3,5 минг нафар ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсфарзандларининг тарбияси ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганликлари учун 2012 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида жавобгарликка тортилдилар. Бундан ташқари 250 нафар ота-оналарнинг муомала лаёқати чекланган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.