Роберт Блейк ўрнига Ниша Десау Бисвол тайинланди

2013_7$largeimg219_Jul_2013_152020927Профессионал дипломат ўрнини минтақавий эксперт бўлмаган мутахассис эгалламоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимига Ниша Десау Бисволни тайинлади. У шу пайтга қадар АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маъмурининг ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаётган эди. Обаманинг мазкур қарори Сенат томонидан тасдиқланиши керак.

Агар Сенат Бисволнинг номзодини тасдиқлайдиган бўлса, у Роберт Блейкнинг ўрнини эгаллайди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ҳиндистон, Бангладеш, Бутан, Қозоғистон, Қирғизистон, Мальдив ороллари, Непал, Шри-Ланка, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан ҳамкорлик алоқаларига масъул ҳисобланади.

Роберт Блейк 2009 йилдан бери бу лавозимни эгаллаб келаётган эди. Блейк Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларнинг ривожланиши, Афғонистонда тинчликни қарор топтириш ва тиклаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий ҳамкорликка эътиборни кучайтириш, шунингдек, янги Ипак йўли концепцияси ташаббусини илгари сурган кучли ва профессионал дипломатлардан. Маълумотларга кўра, Индонезияга элчи сифатида жўнатилиши мумкин.

Бисвол хоним гарчи минтақа бўйича кучли мутахассис бўлмаса-да, USAID лойиҳалари доирасида юқорида номлари зикр этилган мамлакатлар билан мулоқот олиб борган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Роберт Блейк Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюриб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришда муҳим роль эгаллади. У, айниқса, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари фақат сиёсий аҳамият касб этмасдан, балки савдо-иқтисодий, маданий, маърифий ҳамда гуманитар йўналишларда ҳам давом этиши кераклигини ўз кун тартибига сингдирган сиёсатчилардан эди.