Rolling Stone бош муқовасида Жоҳар Царнаев: америкаликларнинг ғазаби қанчалик асосли?

o-ROLLING-STONE-TSARNAEV-570Шу ҳафта Rolling Stone журнали сайтидаги бош мақола анонси бутун дунё матбуоти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. “Ўткир кўзлари, жингалак пахмоқ сочлари билан The Rolling Stoneнинг бош мақоласи АҚШдаги ҳар қайси мусиқа юлдузидан кўп эътибор жалб қилади”, деб ёзади The Guardian газетаси. “Аммо у шоу-бизнес вакили эмас, балки террористдир”.

Дарҳақиқат, журналнинг 19 яшар Жоҳар Царнаев ҳақидаги The Bomber (Портлатувчи) деб номланган бош мақоласи жуда катта баҳсларга сабаб бўлди. Аввало, у уч киши ўлимига ҳамда 260 нафардан ортиқ одамнинг тан жароҳати олишига сабаб бўлган террористни “улуғлаш” бошқалар учун ўзига хос чорлов бўлиши мумкин. Чоршанба куни CVS фармацевтика компанияси ўз дўконларида журналнинг ушбу сонини сотувга чиқармаслигини маълум қилди.

Журналнинг ушбу мақолани тайёрлашга масъул ижодкорларининг фикрича, улар иқтидорли ҳамда катта келажак кутаётган ёш боланинг  бешавқат инсонга айланиши сабабларини таҳлил қилишган. Кейинроқ журнал мақоланинг тўлиқ матнини интернетдаги сайти орқали эълон қилди. Чунки мақола аслида нима ҳақида эканлигини оммага тушунтиришга эҳтиёж бор эди. Журналнинг Facebookдаги саҳифасида ушбу мақола бўйича шу пайтга қадар 18 мингга яқин изоҳ қолдирилган.

Журнал аввалига мақола ҳақида кичик маълумот қолдирган эди. Шу боис фойдаланувчилар журнал муқовасига кескин эътироз билдиришди. Шон Антони ёзади: “Менимча, бундай одамлардан “юлдуз”ларни яратиш нотўғри. Нега ушбу йигитчага журналнинг бош муқовасидан жой берилди?” 1500 нафар киши ушбу гапни “ёқтирган” (liked). Ж. Ҳарпер Фильбиннинг “икки оёғидан ажраган Жеф Боуман журнал муқовасида бўлиши керак эди” деган гапи эса ундан ҳам кўпроқ “like” йиққан.

“Мен журналга бошқа обуна бўлмайман, бу ғирт бемаънилик. Айбсиз одамларга зиён етказганларни улуғлайлик. Кейингиси ким? Жорж Зиммерманми??? Rolling Stones мусиқа журнали, Taliban Times эмас”, деб ёзади яна бир Facebookчи.

Криминалист Жек Левиннинг фикрича, журналнинг бундай йўл тутиши бошқалар учун хавфли сигналдир. Бу одамларни зўравонликка ундайди. “Агар улар машҳур бўлишни исташса, кимнидир ўлдириш керак”, деб ҳисоблайди мутахассис.

Бостон университети профессори, журналистика йўналиши бўйича дарс берадиган Дэн Кеннедининг айтишича, Жек Левиннинг фикрида асос бор. Аммо журнал ўз муқовасида Царнаевнинг сурати “бриллиант”дек ноёб чиққанини эътироф этган. Унинг фикрича, бундай ёндашув ўзига хос таъсирга эга.

“Биз уни суратда гўёки фариштадек кўрамиз. Бу у ҳақида ижобий тасаввурни уйғотади”, дейди у. “Айни пайтда сурат тагида The Bomber. A Monster (Портлатувчи, ваҳший) деган сўзлар билан муқовада конфликт ҳосил қилинган”. У киоскалар ва айрим матбуот тарқатувчиларнинг журнални сотишдан бўйин товлашини журналистикани тушунмаслик билан боғлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Жоҳар Царнаевга нисбатан 30 та модда бўйича айблов эълон қилинган эди.

Албатта, оммавий ахборот воситаларида, айниқса, машҳур журналларда кўпчилик учун нозик бўлган мавзуда бундай ёндашувни қандай баҳолаш мумкин?

Аввало, Rolling Stone Жоҳар Царнаевни бош муқовада бериш орқали борган сари тушиб бораётган тиражи ва молиявий аҳволини яхшилаш имкониятига бўлган. Чунки гарчи аксарият одамлар журналнинг ишини қоралаётган бўлса-да, уни сотиб олишга қизиқади. Чунки бу инсонга хос жиҳат. Шу маънода айтганда, бу журнал ходимлари томонидан пухта ўйланган реклама тадбири ҳам бўлиши мумкин.

Айни пайтда журналистика этикаси ва медиа-бозор талаблари нуқтаи назаридан айтганда, журнал қанақадир этика қоидаларини бузди, дейишдан йироқмиз. Аввало, журнал террористга сўз бермаяпти, унинг ғояларини тарғиб қилмаяпти, балки оддий, ҳамма қатори келажакда яхши инсон бўлиши мумкин бўлган Жоҳарнинг жиноятга қўл уришини сабаблари изланади. Журнал очиқчасига бировни терроризм ёки зўравонликка ундаётгани ҳам йўқ.

Шу билан бирга, сўз эркинлиги деган тушунча ҳали ҳам бор. Журнал жамият ҳамда миллий хавфсизликка таҳдид туғдирмаслик бўйича ҳам қандайдир чегарани бузгани йўқ. Қолаверса, журнал тутган йўл Америка жамияти учун бегона нарса эмас, балки шу жамият маҳсулидир.