Тошкент шаҳар делегацияси Сиэтлга ташриф буюрди

DSC_1331Сиэтл ва Тошкент шаҳарлари 40 йиллик дўстлик алоқаларининг нишонланиши муносабати билан 24-27 июнь кунлари Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари жаноб Икромбек Бердибеков бошчилигидаги делегация “Сиэтл-Тошкент” опа-сингил шаҳарлар уюшмаси томонидан кутиб олинди.

Делегатлар сафар давомида Сиэтл шаҳри кенгаши билан учрашувда бўлдилар. Кенгаш раиси Сали Кларк делегациянинг Сиэтлга ташрифидан бағоят мамнун эканини, Сиэтлнинг Тошкент шари билан 1973 йилдан бери дўстлик ришталаригаэгаэканидан жуда фахрланишини айтди. Шунингдек, учрашувда Кларк хоним Тошкент шаҳрига Сиэтлликлар номидан расмий ташаккурномани тақдим этди.

DSC_1316Делегация аъзолари Сиэтл шаҳри мэри жаноб Майк Макгин билан ҳам учрашдилар, “Тижорат тараққиёти альянси”нинг вакиллари А.Боугжахта ва С.Пакстон ва Иқтисодий таррақиёт кенгашининг вице президенти С.Герицонлар билан суҳбатда бўлиб, оммавий ва хусусий фирмалар ривожланиши бўлими, парклар ва кўчалар билан шуғулланувчи бўлимлар, Сиэтл шаҳри транспортацияси бўлимлари ҳамда Сиэтл порти вакиллари билан қизғин мулоқотда бўлдилар. Сиэтл шаҳри расмийлари шаҳар бошидан кечираётган долзарб муаммоларга қандай ёндашаётганлари ҳақида маълумот бериб, Тошкентга айнан ёки ўхшаш муаммоларга қандай ечимлар излаб топилаётганига катта қизиқдилар.

Опа-сингил шаҳарлар уюшмаси раиси Ден Питерсон бошчилигида делегатлар Сиэтл шаҳрининг 1861 йилда барпо этилган Вашингтон университетига ташриф буюрдилар. Университетнинг муҳим кутубхоналаридан ҳисобланадиган “Syuzalo” (ҳозирда 1,5 миллиондан ортиқ китобга эга) кутубхонасини бориб кўрдилар. Кутубхона делегатларда катта таассуррот қолдриди. Шунингдек, меҳмонлар ўзбек адабиёти тарихи, адабиёти ва маданияти тарғиботчиси, турколог олима, Яқин шарқ тиллари ва маданияти факультети профессори Илзе Циртаутас хоним билан ҳам танишдилар.

Дўстлик ришталарининг 40 йиллигини нишонлаш муносабати билан Сиэтлнинг Капитол Ҳил мавзейида 1974 йилда очилган “Тошкент” сайилгоҳида икки шаҳарларнинг дўстлигини янада мустаҳкамланиши учун рамзий маънода делегация ва уюшма аъзолари биргаликда гуллар экдилар. Маҳаллий аҳолининг ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида делегация аъзолари Сиэтл шаҳрининг туристик масканларидан ҳисобланадиган “Space Needle” осмонўпар вишкаси ва “Pike Place Market” ерлик деҳқонлар бозорини бориб кўрдилар.

DSC_1328Сиэтл шаҳрининг марказида, “Lake Union” кўли бўйида жойлашган махсус тадбирлар ўтказиладиган “Lake Union Boat House” биносида бўлиб ўтган Сиэтл ва Тошкент шаҳарлари ҳамкорлиги 40 йиллик юбилейининг расмий нишонланишида Сиэтл шаҳри ҳокими муовини жаноб Дарил Смитҳ ҳамда Тошкент шаҳри ҳокими муовини жаноб Икромбек Бердибековлар сўзга чиқдилар. Юбилейда Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатлардаги элчихонаси вакиллари, опа-сингил шаҳарлар уюшмасининг аъзолари ҳамда дўстлик алоқаларининг ривожланишига катта хисса қўшган аввалги раислар ҳам иштирок этдилар.

Ўзбекистон мустақиллиги байрами ва опа-сингил шаҳарлар 40 йиллик дўстлиги юбилейини нишонлаш мақсадида шу йилнинг август-сентябр ойларида Сиэтлдан Тошкентга делегация бориши режалаштирилмоқда.

Дилбархон Аҳмедова, Сиэтл