Севара Назархон “Қозон — 2013” универсиадасида мусиқа элчиси

picture_4Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Россиянинг Татаристон Республикасида бўлиб ўтаётган “Қозон—2013”да маданий тадбирларида иштирок этди.  Чунончи, ўтган якшанба куни Қозонда бўлиб ўтаётган Универсиада мусобақалари доирасида маданий тадбирлардан бири — очиқ осмон остида «Музыка веры»  номли гала-концерт бўлиб ўтди.

Унда Россия ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган бир гуруҳ санъаткорлар иштирок этишди. Кечанинг махсус меҳмони ўзбекистонлик таниқли хонанда Севара Назархон бўлди. “Голос” телелойиҳаси финалчилари билан бирга Мурома шаҳрида концерт берган Севара Қозонга ташриф буюрди ва халқаро спорт байрамида иштирок этди.

Ўзбекистон ва Татаристон халқлари ўртасидаги тарихий яқинлик ҳақида гапирар экан, у Универсиадада қайси жамоага ишқибозлик қилишини ҳам айтиб ўтди.

“Албатта, Ўзбекистон учун мухлислик қиламан. Мен ўз Ватанимнинг фарзандиман, санъат эса чегара билмайди. шунинг учун ҳам ҳозир мусиқа элчиси бўлиб ижод қилиб юрибман”, дейди Севара махаллий ОАВга интервью берар экан.  Севара ушбу концертда миллий ҳамда рус тилидаги қўшиқлардан ижро этди. Бу ҳақда “Даракчи” газетаси иқтибос келтиради.

Универсиада доирасидаги мазкур фестиваль 25 майда Болгарияда бошланган бўлиб, жами 4та концерт намойиш этилди. Улардан иккитаси Қозон шаҳрида бўлиб ўтди. Фестивалда жами 200 хонанда ва ижодий жамоалар қатнашди.