Рашид Холиқов ҳашорат чақиши оқибатида уч марта операция қилинган

rashid-halikov-oilaСўнгги пайтларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. Хонанданинг Darakchi газетасига берган интервьюсида айтилишича, Германияга қилинган сафар давомида Ўзбекистон билан алоқани узмаган. «Доимий равишда интернет орқали маълумотларни кузатар эканман, журналистлар мухлисларни анча ваҳимага солиб қўйганига гувоҳ бўлдим. Яхши хабардан кўра, ёмон гап тез тарқалиши бор нарса экан. Мен янги қўшиқлар куйлаганимда ҳам одамлар бу қадар тезкор муҳокама қилишмаган эди», дейди хонанда.

Рашид Холиқов бир ой давомида Германия шифохоналарининг бирида даволанган. Гап шундаки, қиш фаслида оила аъзолари билан Бали оролларида дам олган. Оёғини ҳашарот чақиши оқибатида қонига инфекция тушган экан. Йиринг пайдо бўлади. Германияда уч маротаба кичик жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказади. «Айни кунларда муолажа ишларини уйда давом эттиряпман. Германия шифокорлари қоним таркиби ва инфекциянинг турига қараб менга махсус дори тайёрлаб беришди. Яратганга шукрки, ҳозир ҳаммаси изига тушяпти. Ўзимни анча яхши ҳис қила бошладим. Фақат шу ойнинг ўрталарида яна бир марта шифокорлар кўригидан ўтиш учун Германияга боришим керак. У ерда физотерапия олсам, бутунлай тузалиб кетаман», дейди хонанда.

Хонанданинг айтишича, авваллари вазни 115 –120 кг бўлса, Германияга кетишидан аввал оёғи касаллангани учун қисқа вақт ичида  88 килогача озган.

Рашид Холиқов ижодни соғинганини айтади. «Менинг хоҳиш-истагимга боғлиқ бўлганда эди, ҳозироқ ишга киришардим. Минг афсус… Қўшиқ куйлашни, саҳнани, ҳатто хизматлардан толиққан пайтларимни соғиндим. Пул учун эмас, шунчаки, кимнингдир тўйига бориб қўшиқ куйлаб берсам эди, деяпман гуруҳимдагиларга ҳазиллашиб».