“Шарқ тароналари” IX халқаро мусиқа фестивалида 60га яқин давлатлардан санъаткорлар қатнашади

sharq-taronalari“Шарқ тароналари” IX халқаро мусиқа фестивали ижрочи директори Тўрабек Маҳмудовнинг айтишича, 1997 йилдан буён Самарқандда ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур мусиқа анжумани дунё халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатини ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилаётир.

ЎзАнинг ёзишича, 1997 йилда ўтказилган дастлабки анжуманда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу галги фестивалда олтмишга яқин мамлакат санъаткорларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Айни кунларда меҳмонларни кутиб олиш ва концерт дастурларини юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар якунланмоқда. Мамлакатимиз санъаткорлари, фольклор ва хореографик ансамбллар фестивалга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган турли маданий тадбирлар бунинг учун кенг имконият яратади. “Шарқ мусиқа анъаналари замонавий маданият тизимида” мавзусида илмий конференция ўтказилади. Самарқанддаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, музейлар ва истиқлол йилларида бунёд этилган замонавий иншоотларга саёҳатлар уюштирилади.