Эркаклар учун аёллар билан бозор айланиш энг оғир юмушлардан экан

shopping_bagsАзалдан бозор-учар қилиш одамлар характерига баҳо берадиган муҳим омиллардан ҳисобланади. Бугунги кунда бозор-учарнинг ўз номи бор: шоппинг.  Шоппинг кўп ҳолатларда аёлларга тегишли бўлган “хасталик” бўлиб, уни ҳазил аралаш “шопоголик” деб ҳам аташади. Психологларнинг фикрича, эркаклар учун аёл билан бозор айланиш энг оғир юмушлардан бири экан. Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати ёзади.

Масалан, британиялик олимларнинг ҳисоб-китобича, эркакларнинг шоппингдан кўнгли қолиши учун атиги 26 дақиқа кифоя экан. Бунда ҳар тўрт нафар эркакдан бири ўз ҳамроҳи — аёл билан магазин айланишдан безиб, ташқарига қочиб чиқар экан.

Сўровда қатнашган 2000 нафар эркакнинг ярми ўз турмуш ўртоғи учун куйлак ёки туфли танлаш керак бўлганда, магазинни тарк этиб, қўшни қаҳвахонада вақтини ўтказар экан. Учдан бир қисми эса бошқа қизиқарлироқ моллар бўлган магазинга ўтади. Яна учдан бир қисми эса умуман магазинга кирмасдан машинада ёки ташқарида кутар экан. Бешдан бир қисми эса кўчада ўтган-кетганларни кузатар экан.

Муаммо шундаки, шоппингларнинг аксарияти ғалва ёки жанжал билан, яъни ҳам эркакнинг, ҳам аёлнинг кайфияти бузилиши билан тугар экан. Сўровда қатнашган эркакларнинг 58 фоизи, агар ҳамроҳи шоппингдан сўнг нимадир ваъда қилган бўлса, сабр билан кутишга рози экан. Хотини ёки маъшуқаси магазинда кийим танлаётган бир пайтда эркакларнинг аксарияти ўзини ноқулай ҳис қилар экан.  Ҳар ўн эркакнинг саккиз нафари кийим-кечак харидини зерикарли юмуш, деб ҳисоблар экан. 45 фоиз эркаклар умуман аёл киши билан шоппингга чиқишдан қочишар экан.

Олимларнинг ҳисоблашича, аёллар ҳар қанақа чарчоқ аломатларисиз камида икки соат шоппинг қилиш учун магазинларда айлана олишар экан.