Ижтимоий тармоқларда қонунга хилоф иш тутганлар жавобгарликка тортилиши мумкин

Почему-гибнут-социальные-сетиЎзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 130-моддасига киритилган янги ўзгартишларга кўра, шу йилнинг 1 июлидан порнографик, экстремизм, геноцид, сепаратизм ва шахсни бадном қилувчи ахборий маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланмоқда, деб ёзади uz24.uz сайти ижтимоий тармоқларда тарқаган ахборотларга таяниб.

Унга кўра, юқорида кўрсатилган йўналишдаги ахборотларни тайёрлаш, сақлаш ҳамда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда, чунончи, одноклассники.ру ва whatsapp орқали тарқатиш қатъий тақиқланади. Мазкур талабни бузганлар жавобгарликка тортилади. Ижтимоий тармоқларда тақиқланган гуруҳ ёки саҳифаларни очган Ўзбекистон фуқароларига 30 кунлик муддат ичида ахборотни ўчириш ҳақида сўров юборилади. Агар ушбу муддат ичида мазкур талаб бажарилмаса, хавфсизлик идоралари ва ижтимоий тармоқлар маъмурияти ўртасидаги келишувга биноан, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш учун тегишли чоралар кўрилади.

Яна шунча муддат ҳуқуқбузар яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинига тақдим этилади. Бир сўз билан айтганда, белгиланган 60 кун ичида ахборотлар ижтимоий тармоқлардан ва интернет сайтларидан ўчирилмаса, ҳуқуқбузарга нисбатан энг кам иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача бўлган миқдорда жарима ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Агар ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаса, Миллий хавфсизлик хизматининг махсус бўлинмаси масъулиятни ўз зиммасига олади.

Эслатма:

Бу ахборотни тайёрлаш давомида Vatandosh ходимлари баъзи жиҳатларга эътибор қаратишни истарди:

  1. Ўзбекистон Республикасида Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш қонун билан амалга оширилади. Қонун эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан уч ўқишда кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши, Сенат томонидан маъқулланиши ҳамда Президент томонидан имзоланиши ва расмий матбуотда эълон қилиниши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида балки қонун лойиҳаси кўрилгандир, лекин Сенат ялпи мажлиси ҳали бўлмади, Президент ҳеч қанақа қонун имзоламади, матбуотда бу қонун эълон қилинмади. Демак?..
  2. Жиноят кодекси нормалари, айни шу ҳолатда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс моддалари қўлланилгандан кейин татбиқ этилади. Жарималар одатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилади. Қонунчилик талабларига қараш керак. 2012 йилнинг 12 апрелида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, Жиноят кодексининг 130-моддаси қуйидагича баён этилган:

     130-МОДДА. ПОРНОГРАФИК МАҲСУЛОТНИ ТАЙЁРЛАШ, ОЛИБ КИРИШ, ТАРҚАТИШ, РЕКЛАМА ҚИЛИШ, НАМОЙИШ ЭТИШ

    Порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,

    —  энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади.

    Ўша ҳаракатлар:

    а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

    б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса,

    —  3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб қилиш,

    —  3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

     МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКС:

     «189-модда. Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш

    Порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш,

    — порнографик маҳсулотни, шунингдек уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

  3.  ижтимоий тармоқларда тарқаган ахборотнинг асил манбасига барибир эътибор қаратиш талаб қилинади.

Vatandosh, албатта, ҳамюртларимиздан интернет ва ижтимоий тармоқларда ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тийилишга чорлайди. Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз.