Навбатда туриш маданияти: ғурур ва ҳафсала

article-1288607-0A2529DE000005DC-66_468x309

Маълумки, шу кунларда Буюк Британияда теннис бўйича Уимблдон турнири ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди. Турнир, албатта, халқаро миқёсда катта нуфузга мусобақалардан бўлгани боис нафақат Буюк Британияда, балки бутун дунёда катта қизиқиш билан кузатилади. Албатта, ушбу турнир ҳақида фикр юритишдан йироқман, зотан, ушбу спорт турига қизиқсамда, уни шарҳлаш қобилиятига эга эмасман. Ушбу мусобақада эътиборимни тортган жиҳат — англияликларнинг навбатда туриш маданиятидир. BBCнинг ёзишича, бритонлар навбатда туришнинг ҳадисини олган, агар гап-сўзларга ишониладиган бўлса, бу борада дунёдаги унча-мунча халқларга бу борада дарс бера олади.

Championships+Wimbledon+2011+Day+Six+SsiYQNjwKLyl

Дарҳақиқат, шундай ижтимоий ҳолатлар борки, улар бутун бошли халқларнинг хулқини, ижтимоий маданияти даражасини кўрсатиб беради. Булардан бири, шубҳасиз, фавқулодда вазиятларда халқнинг ўзини тутиши муҳим аҳамиятга эга. Масалан, табиий офат чоғида японларнинг сабр-тоқат ва босиқлик билан вазиятга баҳо бериши жиддий талафотларнинг олдини олган бўлса, бу халқ ҳақида ижобий тасаввурларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди.

article-1196424-058A0A38000005DC-35_634x528

Албатта, Буюк Британия тарихида ҳам маиший масалаларда аҳолининг навбатда туришга бўлган бесабр муносабатига гувоҳ бўлинган. Аммо мамлакат учун умуммиллий аҳамиятга эга масалаларда британияликлар ўта сабр ва кучли тартиб намунасини намойиш эта олишади. Ҳатто шундай латифалар ҳам бор: англиялик ёлғиз бўлса ҳам навбатда туради. Мен бир неча бор Англиядаги ана шундай навбатда туришларда бўлиб, шунга амин бўлдимки, бу шунчаки тартиб эмас, балки маданият, халқнинг хулқи ҳисобланади. Айниқса, бошқа миллат, маданият ва дунёқараш эгаларининг ушбу маданиятга муносабатларини ҳам сабр билан қабул қилишса-да, барибир сизни уларнинг тартибига амал қилишга ундайди.

Давлат ёки бошқа ижтимоий хизмат кўрсатиладиган жойда навбатда туришни давлат ўзи тартибга солиши мумкин, аммо бевосита давлат юрисдикцияси амал қилмайдиган жойларда навбатда туриш маданиятининг шаклланиши ҳар қандай мамлакат учун ўта муҳимдир. Чунки бундай жамият кўп нарсани бошқара олади, оғир шароитларда давлатга кўмакчи бўла олади.

Яқинда интернет манбаларида Ўзбекистонда футбол мусобақаларига чипта олиш билан боғлиқ тартибсизлик ҳақида кўп ёзилди. Тошкентда жамоат транспортига чиқиш жараёнларини шундоқ кўз олдимдан ўтказиб, Ўзбекистонда мана шундай тартиб ва навбатда туриш маданиятини қандай шакллантириш хусусида ўйлаб қоламан…

Навбатда туриш аслида арзимаган масала бўлиб туюлиши мумкин, лекин бу одатнинг ортида ўз ҳаёти ва кунини режалаштириш, бошқаларни ҳурмат қилиш, ижтимоий адолатсизликдан тийилиш сингари юксак қадриятлар мужассам. Бизда (Ўзбекистонда) айримлар мажбурий шакллантирилган навбатда туриш жараёнларини ҳам таниш-билишчилик орқали бузиш ҳолатлари кўп учрайди.

 Демоқчиманки, одамлар ўз миллати билан фахрланиши учун, албатта, 100 минг йиллик тарих ёки қандайдир “супер” объектга ёки бойликка эга бўлишлари шарт эмас, балки ўз хулқи, маданияти ва одоби билан ғурурланиши мумкин. Бунга англияликлар ёрқин мисол.

Маҳмуд, 

Лондон