Сурия можаросига нуқтани ким қўяди?

Syria2Мисрда сўнгги ойларда юз берган воқеалар дунё ҳамжамиятининг нигоҳини маълум бир муддатга Суриядан чалғитиб турди, десак муболаға бўлмайди. Чунки халқаро ҳамжамият Мисрдаги вазият қандай якунланишини ниҳоятда катта қизиқиш билан кузатаётган эди.

Аммо бугунги кунда Сурия атрофидаги гап-сўзлар тобора авж олиб, мамлакатдаги вазиятга эҳтимолий ҳарбий аралашувлар бот-бот тилга олинмоқда. Чунончи, АҚШ қуролли кучлари томонидан фуқаролик уруши мақомини олган можарога аралашиш учун турли режалар ишлаб чиқилаётгани қайд этилмоқда. АҚШ қуролли кучларининг бирлашган штаби қўмитаси раҳбари Мартин Демпси Вашингтоннинг Сурия инқирозига тўғридан-тўғри аралашуви мамлакат бюджетига қанчага тушиши, таҳдид ва имкониятларни ҳисоблаб чиқди.

Демпсининг фикрича, америкаликлар Сурия инқирозига тўғридан-тўғри аралишишининг бешта йўли бор. Улар қуйидагилар:

  • Башар Ассад режимига қарши курашаётган гуруҳлар шахсий таркибини тайёрлаш, уларга ёрдам кўрсатиш ва консультация бериш. Бу саъй-ҳаракатлар АҚШ бюджетига йилига 500 миллион долларга айланади.
  • АҚШ ҳаво кучлари Сурия ҳарбий объектларига қарата ҳаводан ракеталар орқали манзилли ҳужум қилиши мумкин.
  • Сурия фазо кенгликларида учиш тақиқланган зона ташкил қилиниши мумкин.
  • Сурия ҳудудида буфер зона ташкил этилади ва бу ерда ҳарбий тўдалар тайёргарликдан ўтказилади.
  • Шунингдек, химиявий қурол объектларини йўқотиш чоралари кўрилади.

Америкалик юқори мартабали ҳарбийнинг ҳисоб-китобича, охирги тўртта ҳарбий вазифанинг ҳар бирини бажариш учун давлат бюджетидан ойига камида 1 миллиард доллар талаб қилинади.

Демпсининг фикрича, мазкур ҳарбий ҳаракатларнинг барчаси ҳаво ва қуруқликдаги армияни жалб қилишни тақозо этади. Бу эса, шубҳасиз, шахсий таркиб орасида йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Генерал Мартин Демпси айни пайтда сўнгги йилларда Ироқ ва Афғонистонда олиб борилган ҳарбий амалиётлар натижаларидан келиб чиқиб, ушбу мамлакатда ҳақиқатда кучли сиёсий тизимни сақлаб қолиш талаб қилинишини қайд этган. Акс ҳолда АҚШнинг низога аралашуви мамлакат учун ноқулай оқибатларга олиб келиши мумкин.

Генералнинг мазкур позицияси Сенатнинг қуролли кучлар бўйича комиссиясининг икки нафар аъзоси талаби асосида тайёрланган. Улар Демпсини иккинчи муддатга бирлашган штабга бошлиқ сифатида тасдиқлашдан бош тортиб, Сурия масаласига АҚШнинг аралашуви бўйича аниқ позицияни шакллантиришни талаб қилган эди.

Умуман, бундай ахборотларнинг кенг оммага эълон қилиниши ҳам жамоатчилик онгини тайёрлаш мақсадини кўзлаётган бўлиши мумкин. Чунки, бундан олдинги Ироқ, Афғонистон ҳамда Ливия можаролари шуни кўрсатдики, ҳар куни ҳарбий аралашувлар юз бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар охир-оқибат одамларда бу урушга нисбатан бефарқликни келтириб чиқаради ҳамда мамлакатда ижтимоий қаршилик кайфиятини туширади.

Шу ўринда яна бир масала ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Гап шундаки, июнь ойи охирида АҚШ конгресси Сурияда жанг олиб бораётган ҳарбий тўдаларни қурол-яроғ билан таъминлаш бўйича Оқ уй режасини музлатиб қўйган эди. Улар ушбу қурол-яроғ воситалари нотўғри қўлларга тушиб қолиши кафолатланмаганини қайд этишган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, Конгресснинг икки палатаси ҳам ушбу тақиқни бекор қилган. Шарт шуки, Оқ уй бу ҳақда Конгресс вақти-вақти билан огоҳлантириб туради.

Конгресснинг бундай қарорга келишида, шубҳасиз, Россия ва Сурия ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг янада жадаллашгани сабаб бўлди. Чунончи, Сурия ҳукумати раҳбари ўринбосарига кўра, шу кунларда Россия билан кредит олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Оқ уй тарқатган баёнотда келтирилишича, Сурия ҳарбийлари химиявий қуролни қўллаш орқали 150 нафар кишининг ҳаётига зомин бўлишган. Шу боис улар ҳарбий тўдаларни қуроллантиришни мақбул вариант сифатида кўрган.

Шу кунга қадар Сурияда 100 минг нафарга яқин одам ҳалок бўлган.