“Трак” ҳайдовчилик – ҳамюртларимиз учун тўкин ҳаёт демакдир

Truck

Америка! Бу сеҳри диёрни орзу қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ.

Дарҳақиқат, Америка – бу чексиз имкониятлар мамлакати.

Бу диёрни сеҳрли дейишлари рост гап. Чунки бу ўлкада одам орзусининг амалга ошиши осон, истаклар рўёбини кўрмоқлик, мақсадга етмоқлик енгил.

Бироқ, “Ҳар ерни қилма орзу – ҳар ерда бордир тошу торозу” деганларидек, Америка қитъасининг “оби-тоби”ни олиш, янги юртга мослашиш, орзулар ортидан қувлашмачоқ ўйнашнинг ўзи бўлмайди-да.

Зеро, шоир айтганидек,

Орзуга етмоқ осонмас, армон бўлган билан,

Манзилга етмоқ осонмас, сарбон бўлган билан.

Демоқчи бўлганимиз, аксарият юртдошларимиз Америкага тўкин ҳаёт ишқида қадам қўядилар. Бироқ тўкин-сочинликка етмоқлик учун фақат иштиёқнинг ўзигина етарли эмас.

Бунинг учун ишнинг “кўзи”ни билиш, машаққатли меҳнатнинг “юзини” – рухсорини кўриб қўйиш талаб этилади.

“Мусофир бўлмай –мусулмон бўлмас” деганларидек, сирли диёр деб аталмиш ушбу қитъага яшаш ва ишлаш илинжида, тўкин ҳаёт ишқида қадам қўйган инсонлар қаторида  Ўзбекистондан ташриф буюрган ватандошларимиз ҳам олдида турган тўсиқларни, қатор қийинчиликларни енгиб ўтиши керак бўлади.

Олдимиздан от чоптириб келаётган муаммоларни бартараф этиш учун эса арзанда жонимиз озорда қолиши табиий.

Мабодо АҚШда қўним топган дўст ва яқинларингиз бўлса, омадингиз кулади: машаққатларни мот қилишингиз осон кечади.

Аниқроғи, яқинларингиз кўмагида янги “об-ҳаво”га мослашишингиз – бошпана, ўқиш ва иш топишингиз маълум маънода енгил бўлади.

Акс ҳолда машаққатларга мардона туриб беришга иродаси дош бера олмайдиган айрим юртдошларимиз кўнглида тезроқ  Ўзбекистонга қайтиш истаги туғилиб қоладики, бу истак эрта-ю кеч  тинчлик бермай қўяди.

Очиғини айтишим керак, ўзга ҳамюртларимиз қатори менга ҳам оилам билан АҚШда “илдиз отишим” осон кечмаган.

Тил билмаслигим билан боғлиқ муаммо шахсан менга бирор бир тайинли ишнинг бошини маҳкам тутишимга ҳамиша монеълик қиларди.

АҚШга келиб қўл урмаган, қилмаган ишим қолмаган ҳисоби: дастлаб қурилишда ишладим. Ва ҳатто кўча супириш ишларида ҳам ўз “қобилиятим”ни синаб кўришимга тўғри келган пайтлар кўп  бўлган.

Ростанам, “Тил билмоқ – дил билмоқ” экан. Зўр бериб оз бўлса-да тил ўргангандим, менга бироз имкониятлар эшиги очилгандек бўлди.

Mенга ҳайдовчиликни касб қилиш толеи кулиб боқди

Choriev
“Kesh Express LLC” компаниясининг раҳбари Баҳодир Чориев

Ўзбегимизнинг “Дарахт бир жойда кўкаради” деган ақидасига амал қилиб, мана қарйиб 6 йилдирки, машина  рулини маҳкам тутганман: ҳайдовчиман.

Айниқса, АҚШда илм олиш учун чексиз имкониятлар бисёр.

Инглиз тилидан бохабар ватандошларимиз бирор бир илм даргоҳида таҳсил олиш бахтига муяссар бўлсалар, нур устига аъло нур; аниқ бир соҳанинг, маълум бир касбнинг етук мутахассиси бўлиб етишадилар. Бу қитъада ўз касбининг устаси бўлган кишининг, зиёли шахснинг даромади ҳам анча юқори бўлади.

Айримлар ҳайдовчилик касбига гоҳида беписанд қарайдилар.

Аслида ҳайдовчилик ёмон касб эмас.

“Юрган дарё – ўтирган бўйро” деб бежиз айтишмаган. Рулда ўтирган одам юрт кезади, кеча-ю кундуз турфа одамлар билан мулоқотда бўлади, яхши-ёмонни кўради. Бир сўз билан айтганда, юрмаган йўли, бормаган ери қолмайди. Кун узоқ йўлда юрган, турфа элларни, элатларни кўрган ҳайдовчининг эса, менимча, фикр доираси кенгайиб, тафаккури тиниқлашиб, кишининг сабру қаъноати, масъулият ҳисси тарбият топиб боради. Хўш, бунинг нимаси ёмон экан?

Энг муҳими, ҳайдовчилик – ёшлар, айниқса, ўрта ёшдаги кишилар учун жуда тез ўзлаштириб олиш мумкин бўлган касблардан биридир.

Биласиз, “осон жойда ош йўқ”. Шу маънода, тўғри, гарчи ҳайдовчилик касбининг ўзига хос машаққатлари бисёр бўлса-да, ҳайдовчининг даромади ўртаҳол Америкаликнинг топиш-тутишидан ортиқроқ бўлишини ҳам эсдан чиқармаслик керак.

Зеро, АҚШга ишлаш истагида келган барча ҳамюртларимизнинг асосий муддаоси шу:  сердаромад иш топиш, бир сўз билан айтганда, бой бўлиш.

Сердаромад ишнинг этагини тутишни, тўкинликка эришишни истайсизми?

У ҳолда Трак (юк машинаси) ҳайдовчилиги (Truck Driver) касбига қизиқиб кўринг.

Маълум маънода тасаввурга эга бўлишингиз учун, аввало, Трак ҳайдовчилиги (Truck Driver ) ҳақида  сизга имкониятим даражасида кенгроқ тушунча бериб ўтсам, дегандим.

Трак  ҳайдовчилик касбини эгаллаш у қадар мушкул иш эмас

Трак  ҳайдовчилик касбининг мутахассиси бўлиб етишиш учун талабгорлар, одатда, махсус ҳайдовчилик мактабларида  бор йўғи 5-10 кунгина таҳсил оладилар, холос.

Ўқув машғулотларидан сўнг бўлажак мутахассислар Давлат транспорт бўлими (Department Of Transportation)да  имтиҳон топширадилар. Синовлардан муваффақиятли ўтганлар ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритадилар.

Махсус ҳайдовчилик мактабларида таҳсил олишнинг баҳоси у қадар баланд ҳам эмас. Трак  ҳайдовчилик касбини эгаллашни истовчилар бор йўғи $2000 эвазига касб-корли бўлиб қолишлари мумкин. Соҳадан сифатлироқ таълим олиш истагидаги мижозлар эса, чўнтаги кўтарса, $5500  тўлаб, малакали мутахассис бўлиб етишишлари ҳам мумкин.

Трак ҳайдовчилик касбини эгаллашим учун шахсан менинг ҳайдовчилик  мактабимнинг баҳоси  5500$ га тушган.

“Арзон беиллат эмас – қиммат беҳикмат эмас” деганларидек, мен танлаган соҳам бўйича сифатли таълим олиш мақсадида юқори нархни танлагандим.

Иш топиш имкониятлари

Махсус ҳайдовчилик мактабини тугатдингиз ҳам дейлик, энди сиздек ҳайдовчига муносиб иш керак бўлади.

Айни шу мақсадда янги битирувчилар, ёш ҳайдовчи мутахассислар иш ўрни қидиришга тушадилар.

Унутманг, бу борада ҳам сизга шу соҳадаги танишларингиз, дўстларингизни маслаҳат ва кўмаги керак бўлади.

Чунки даромадли, кўнгилдагидек иш топишнинг ўзи бўлмайди. Яхши иш ўрни топиш бу – мусофир юртда тез кунда оёққа қалқиш демакдир.

Одатда, янги ишга қабул қилинган ёш Трак ҳайдовчилиларнинг маоши аввалига ойига 2000$-3000$ ни ташкил қилади.

Бу даврни  биз Тренинг вазияти деб ҳам атаймиз.

Бу жараён  1 ойдан 6 ойгача чўзилиши мумкин.  “Тренинг вазияти”нинг қанчалик узоқ давом этиш ё этмаслиги янги, ёш  трак ҳайдовчининг ўз касбини қанчалик  тез ўзлаштириб олишига, малака ва кўникмасини ошириб, тажрибасини жадал суръатларда  орттириб боришига боғлиқ бўлади.

Тажрибаси ортган Трак ҳайдовчи учун навбатдаги қадам бошланади:  бунда у мустақил Трак рулини бошқаришга ўтади ва компания Трак ҳайдовчиси бўлиб ишини давом эттиради.

Бу дегани ана энди Трак ҳайдовчи ҳар ойда   3000$дан то  5000$ гача бўлган миқдордаги маош  соҳиби бўлди деган гап.

Мабодо  ҳайдовчи ўзи истаса, бир йил ва ҳатто бир умр  компанияда  Трак ҳайдовчи сифатида фаолият олиб бориши ва олаётган ойлик маошига қаноат қилиши ҳам мумкин.

Ўз бизнесингизни бошлашингиз мумкин

Бироқ янада кўпроқ сармоя топаман, тадбиркорлик қиламан, ўз бизнесимга эга бўламан деган ёш Трак ҳайдовчиларимиз одатда 1 йилдан сўнг ўзлари ишлаб топган  пулларига ёки биродарларининг қўлловида Трак сотиб олишади ёки кредитга  олишади.

Касбий соҳада жиддий қадам ташлашга ўзларида куч, журъат топа олган бу каби Трак ҳайдовчининг даромади янада ошади: ойига 5000$дан то 10000$ га қадар даромад қилиш имкониятига эга бўладилар.

Модомики, гап даромад ҳақида кетар экан, шуни ҳам унутмаслик керакки,  Трак эгасини биз “Owner operator” деб ҳам номлаймиз ва y ўз Траки учун  барча харажатларини  ўзи  топаётган даромаддан коплайди.

Лекин, “Owner operator”лар маълум маънода мустақил бўладилар. Яъни улар  юк танлашда, маршрут танлашда ва ҳатто юкнинг нарх-навосида  талашиб-тортишадилар. Худди ана шу нарса уларга ўзларига маъқул маршрутда, ўзларини қаноатлантирадиган нарх асосида ҳаракатланиш имкониятини беради.

Одатда, Америкалик ҳайдовчилар ёлғиз Трак  бошқарадилар.

Бироқ бизнинг  ҳамюртларимиз гохида  Тракда иккита ҳайдовчи бўлиб фаолият юритишади.

Бундай шароитда  ойлик  даромад 10000$ – 20000$ ни ташкил қилади.

Шахсан менинг шеригим – ўз рафиқам ёнимда иккинчи  Трак ҳайдовчи сифатида тер тўкади.

Бу ҳолат узоқ йўлда  компаниям ишларини бошқариш  имкониятини яратади. Шу сабабли, бизнинг ойлик даромадимиз иккимизга 10500$ни ташкил қилади.

Фараз қилинг, 5 та ёки ундан кўпроқ  Тракka эга бўлдингиз, дейлик.

У ҳолда нима қилиш мумкин?

Мабодо 5 дан ортиқ  Тракларни қўлга киритсангиз, у ҳолда сиз  янги офис ижарага олишингиз мумкин.

Ўз офисингизга эга бўлишингиз баробарида  Бухгалтер ҳамда Диспетчер хизмати ҳам лозим бўлади.

Чунки мустақил ташкилот сифатида энди юк бозоридан  тракларингизга юк топиш, мижоз қидириш ҳам ўзингизнинг зиммангизга тушади.

Ишингиз кўлами ортгани сайин даромадингиз қиймати ҳам кўтарила боради:  Бундай ҳолатда  ҳар бир машинадан қўшимча яна 1000$ ни қўлга кирита бошлайсиз.

Америкада 3 миллиондан ортик Трак  бор

Билишимча, бизнинг ҳамюртларимиздан атиги 300 нафаригина  океан орти мамлакатида Трак ҳайдовчи касби билан машғул. Уларнинг фақат уч нафари аёллар.

Мен қадрли ватандошларимизга Трак компанияларида ўз қобилиятларини синаб кўришларини  тавсия қилган бўлардим.

“Бошидан ўтганнинг қошидан ўтма” деганларидек, ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, шуни ишонч билан айтишим мумкинки, мазкур касб орқали кўз-очиб юмгунча иқтисодий жиҳатдан қаддингизни кўтариб олишингиз мумкин.

Масалан, мен Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Россия, Европа давлатларида истиқомат қила туриб ҳам Америка компанияларида диспетчeрлик хизматини аъло даражада уддалаётган ва бунинг ортидан мўмайгина даромад топаётган ўнлаб юртдошларимни биламан.

АҚШ ва Канада мисолида оладиган бўлсак, Ҳиндистон Россия, боснияликлар оилавий, туман ва бутун бир вилоятлари билан шу соҳа бизнесига берилиб кетганлар.

Улар ҳатто АҚШдан компания очиб, ҳайдовчиларни қитъадан ёллаб, қолган барча юмушларни ўз давлатларидан туриб амалга оширмоқдалар ва натижада,  миллионлаб маблағларини тежаб қолмоқдалар.

Хўш, айтингчи, сизу сизнинг, ўзбекларнинг улардан қаеримиз кам?

Мен истиқомат қилаётган Миссури штатининг биргина Сент-Луис шаҳрининг ўзида 10 дан ортиқ Трак компаниялар мавжуд. Сент-Луиснинг ўзида  истиқомат қилаётган 50 дан ортиқ  Трак ҳайдовчилари мазкур соҳада ортидан оила боқадилар.

Мана, масалан, мен “Kesh Express LLC”  компаниясига асос солганимга кўп бўлгани йўқ.

Айни дамда тасарруфимдаги “Kesh Express LLC” компаниясининг ҳисобида 6 та Трак бор.

 

Азиз ватандошлар, юртдошларим!

Қисқа вақт ичида таҳсил олишни – Трак ҳайдовчик  касбини эгаллашни истайсизми?

Мусофир ўлкада тез кунда оёққа туришни, етарлича даромад қилишничи?

Тўкин ҳаёт орзуингизми?

Сармояга соҳиб бўлмоқчи, оилангизга фаровон турмушни ҳадя қилмоқчимисиз?

Узоқ ўлкада саробдек кўринаётган орзуларингиз рўёбини кўришни, муродингиз ҳосил бўлишни ҳоҳлайсизми?

У ҳолда, шошилинг!

Осонгина ва арзонгина махсус ҳайдовчилик мактаблари сизга мунтазир.

Трак ҳайдовчи соҳасига қизиқиш билдиринг, ҳайдовчилик касбига ихлос қўйинг.

Унутманг, “Kesh Express LLC” компанияси саробдек кўринаётган орзуларингиз рўёбга чиқишининг кафолатидир.

“Kesh Express LLC”  компанияси – даромадингиз манбаи!

“Kesh Express LLC”  компанияси оилангизга ином қилмоқчи бўлган фаровон турмуш ва тўкин ҳаёт гаровидир!

“Kesh Express LLC”  компаниясининг машиналари сизни муқаррар бахт манзилига элтади!

“Kesh Express LLC” компанияси билан, биз билан бирга бўлсангиз, омадни қувлаб эсингиз кетмайди, аксинча, омаднинг ўзи изингиздан эргашиб келади!

Нақдингизни – бахтингизни бой берманг!

Қани, шошилинг!

 

Баҳодир Чориев

“Kesh Express LLC”  компаниясининг раҳбари,

Сент-Луис, Миссури Штати, АКШ

Kesh5000@gmail.com