Жорж Крол: “Биз Ўзбекистонга ислоҳотларни қандай ўтказишни ўргатмоқчи эмасмиз”

1016786_10151982580914186_941874168_nАҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол Марказий Осиё Янгиликлар хизматига эксклюзив интервью бериб, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга баҳо берди.

Элчининг қайд этишича, у Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан ҳар бир учрашувда демократия масаласини мунтазам кўтариб чиқади. “Биз ушбу масалага конструктив ёндашувни топишни истаймиз. Биз Ўзбекистонга ислоҳотларни қандай амалга оширишни ўргатмоқчи эмасмиз, аммо истиқболдаги барқарорлик учун эркин ОАВ, мустақил суд тизими сингари нуфузли демократик институтлар керак эканлигига ишончимиз комил”, дейди элчи жаноблари.

Унинг фикрича, давлат ҳокимиятининг қонунчилик ва ижро тармоғи ҳам масъулиятга эга бўлмоғи лозим. Элчи демократлаштириш соҳасида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ҳукумат доирасида ва ҳукуматдан ташқари институтлар билан алоқалар ривожланиб бораётганини қайд этади. Бу аниқ лойиҳалар билан қўллаб-қувватланмоқда.

“Менимча, USAIDнинг икки давлат судьяларини ўқитиш ҳамда тажриба алмашишга доир лойиҳаси жуда муваффақиятли кечмоқда. Яқинда Америка судлари судьялари Ўзбекистон Олий суди судьялари билан учрашишди. Бизда Кичик грантлар дастури фаол иш олиб бормоқда. У фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини, қийин шароитга қарамасдан, қўллаб-қувватлаб келмоқда”, дейди элчи жаноблари.