“Uzairways”нинг Россияга учадиган рейслари учун чипталар хорижий валютада сотилади

samolyotЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 28 июндаги қарорига кўра, 2013 йилнинг 15 июлидан бошлаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакоманияси Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун чипталар сотувини хорижий валютада амалга оширади. Бу ҳақда компаниянинг расмий сайти хабар тарқатди.

Ваколатли орган томонидан тасдиқланган режага кўра, мазкур қарор талаблари ҳозирча фақат Россия Федерациясига учаётган Миллик компания рейсларига амал қилади. Бошқа халқаро йўналишлар бўйича чипталарни хорижий валютада сотиш ҳақида ахборотлар қўшимча тарзда маълум қилинади.

Миллий авиаташувчи чипталарини парвоз бошланиш пункти Ўзбекистон худудида бўлганда миллий валютага сотиб олиши мумкин бўлган кишилар гуруҳи:

1. 1941-1945 йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар;

2. 1941-1945 йилларда уруш ортида фидокорона қилган меҳнатлари учун нишонлар ва медаллар билан тақдирланган шахслар;

3. Биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар;

4. Болаликдан ногиронлар ва уларнинг ҳамроҳлари;

5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги комиссияси ёки Молия вазирлиги ҳузуридаги пенсия жамғармасининг республика тиббий-ижтимоий инспекцияси комиссияси томонидан берилган маълумот билан чет элга даволаниш учун кетаётган шасхлар;

6. Телеграмма асосида қариндошларининг дафн маросимига отланган шахслар;

7. Олий ўқув юртлари таклифи ёки йўлланмаси билан ўқишга кетаётган шахслар;

8. Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф қилиш ишлари қатнашчилари.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига кўра, Ўзбекистон Республикасининг резиденти деб қуйидагилар эътироф этилади:

Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами бир юз саксон уч кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасида турган жисмоний шахс.

Чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг қуйидагилар сифатида турган даври унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳақиқатда турган вақтига киритилмайди:

1) дипломатик ёки консуллик мақомига эга бўлган шахс сифатида;

2) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига кўра тузилган халқаро ташкилотнинг ходими сифатида;

3) ушбу қисмнинг 1-бандида кўрсатилган шахсларнинг оила аъзоси сифатида, бундай жисмоний шахс тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда;

4) фақат бир чет давлатдан бошқа чет давлатга Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ўтиш (транзит ўтиш) учун;

5) агар бу жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасида фақат турист сифатида, даволаниш ёки дам олиш мақсадлари билан турган бўлса.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган мезонларга жавоб бермайдиган шахс Ўзбекистон Республикасининг норезиденти деб эътироф этилади.