“Ғарб дунёсида кишилар маънавий таназзулга учраётир”

photo_27330Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги расмий ва мустақил оммавий ахборот воситаларида “оммавий маданият”, маънавий тарбия, “рангли инқилоб” мавзуларига мурожаат қилинди. Чунончи, “Ҳуррият” газетасида “Маънавиятсизлик — тараққиёт кушандаси” сарлавҳали шарҳ чоп этилди. Унда дунёдаги кулфатлар ҳақида мисоллар келтирилиб, таҳлил қилинади.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг 18 фоизини ёшлар ташкил қилади, дейилади мақолада. Уларнинг 85 фоизи ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади. Ишсизлик, ёшлар ва ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш масаласи ана шу ҳудудлардаги энг ўткир муаммолардан бўлиб қоляпти.

“Бундан-да ачинарлиси, давлатларни ичидан емиришга олиб келувчи маънавий хуружлар ва маънавиятсизликнинг авж олишидир. Бундай ҳолатлар кўпроқ океан ортида ва Европа мамлакатларида кузатилаяпти. Ғарб дунёсида қисқа муддатли инқироз ва иш жойини йўқотган кишиларнинг маънавий таназзулга учраётгани, қоибатда йўлида дуч келган инсонга қарата ўқотар қуролдан ўқ узаётгани ҳам фикримизнинг исботидир”, дейди мақола муаллифи А.Сайбназаров.

Муаллифга кўра, бу кўҳна дунёда маданий қарашларнинг, ахлоқий мезонларнинг емирилаётгани ҳам кузатилмоқда. Чунки Ғарбга хос бўлган турмуш тарзи, ҳаёт қадриятлари ва индивидуализм охир-оқибат пуч бўлиб чиқмоқда.

Ушбу хавф фақат Европанинг ўзигагина тааллуқли эмас, албатта. Айни пайтда Яқин Шарқ ва Африка давлатларида ёшларнинг хориждаги айрим нодавлат ташкилотлар ва сиёсий марказлар томонидан молиялаштирилаётган кучларнинг васвасасига учиб, кўчаларни тўлдираётгани, на сиёсатдонларнинг, на кўпни кўрган одамларнинг гап-сўзига кирмай бошбошдоқликка берилаётгани ана шу мамлакатларда маънавият ва маърифат ишларининг, тарбиянинг ҳаминқадарлиги ҳосиласидир.

“…Ахборот маконида учта манфаат тўқнашди: ахборотни ишлаб чиқарувчилар, тарқатувчилар ва истеъмолчилар манфаати. Тарқатиш соҳасида қўлга киритилган тезкорлик имконияти, турган гапки, уни ишлаб чиқарганлар ва истеъмолчиларга ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Бу эса “ахборот хуружи” феноменини юзага келтирди”, дейди муаллиф.

Газетада қайд этилишича, барча халқлар учун қадрли бўлган инсоний ақидаларига мос келмайдиган турли бузғунчилик, ваҳшийлик, зўравонликлар тасвирга туширилган кинофильмлар, ОАВ ва интернет орқали тарғиб қилинаётган “беҳаё саҳналар” жиноятчиликни ҳаспўшлашга хизмат қиляпти, холос.

“Жаҳоннинг қайси бурчагида бўлмасин, маънавиятга қарши таҳдид пайдо бўлса, ўзининг бугунги куни ва истиқболини ўйлаб яшайдиган ҳар бир онгли инсон, унинг олдини олиш учун керакли чораларни кўриши шарт. Чунки бундай ҳисдан бегона халқ, миллат охир-оқибат таназзулга учраши муқаррар”, деб хулоса қилади муаллиф.