Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Жейн Зиммерманни қабул қилди

    А.Ильясов ("Жаҳон" АА) олган сурат
    А.Ильясов (“Жаҳон” АА) олган сурат

    Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган АҚШ Давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Жейн Зиммерман Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

    Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда келтирилишича, томонлар икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишган.

    Ж.Зиммерман раҳбарлигидаги делегация аъзолари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) С.Рашидова ва бошқа мутасаддилар билан учрашувлар ўтказишди, Фарғона вилоятига сафар қилишди.

    “Мулоқотлар чоғида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар марказида бўлиб келаётгани алоҳида таъкидланди. Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани ушбу йўналишда ҳам ўзининг юксак самараларини бераётгани қайд этилди”, дейилади ЎзА тарқатган хабарда.

    Ўзбекистон БМТнинг тегишли органлари, ихтисослашган механизмлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг аъзоси сифатида ушбу ташкилотнинг 13 конвенциясини ратификация қилган ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқда.

    Ўзбекистонда истиқлол йилларида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, ушбу соҳада таълимнинг узлуксиз тизими яратилди, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг олиб бориш тизими йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг нодавлат тизими, фуқаролик жамияти институтлари фаол ривожланмоқда.