АҚШда Al-Jazeera America ишга тушди

1375972566000-XXX-AL-JAZEERA-network-hdb3

20 август куни кечқурун АҚШда “Ал-Жазира” телерадиокомпаниясининг Al-Jazeera America маҳаллий телеканали ўз ишини бошлади. Agency France-Presseнинг хабар беришича, янги телеканал собиқ вице-президент Альберт Гор томонидан асос солинган Current TV каналига тегишли бўлган частоталарда намойиш этилади. Al-Jazeera America уланган кабель тармоғи мамлакатдаги 45 миллион уй хўжалигини қамраб олган.

Al-Jazeera America 24 соат давомида намойиш этилади. Хабарлар оқимидан ташқари телеканал ахборот-таҳлилий, иқтисодий кўрсатувларни ва ҳужжатли фильмларни ҳам намойиш этиб боради. Al-Jazeera America аввалига ҳар соатига 6 минут реклама учун вақт ажратади. Бошқа каналларда бу 15 минутгача етади.

Al-Jazeera America 850 нафар ходимдан иборат гуруҳни шакллантирган бўлиб, АҚШ ҳудудида 12 бўлим ташкил этилади. Телеканалнинг бош офиси Нью-Йоркда жойлашади.

Шуни айтиш керакки, аксарият америкаликлар бу канал Америкага қарши тарғибот билан шуғулланади, деб ҳисобламоқда. Айниқса, ушбу телеканалга ишга кирган таниқли журналистлар жамоатчиликнинг жиддий танқиди остида қолди. Янги телеканалнинг Оқ уй бўйича мухбири Майк Викиера “Айтишим мумкин бўлган ягона нарса шундаки, канални томоша қилинг ва кўринг. Биз ишимизга профессионал журналист сифатида ёндашамиз ва янги контент яратамиз”, деб айтди.

“Ал-Жазира” телекомпанияси 1996 йили Қатар амири фармони билан ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Дохадан жойлашган. Телекомпания тармоғи Al Jazeera, Al Jazeera English, Al Jazeera Documentary Channel, Al Jazeera Sports, Al Jazeera Mubasher (ёки Al Jazeera Live), Al Jazeera Children’s Channel, (2013 йил 1 апрелидан канал ج «Jeem» деб аталади), Baraem, Al Jazeera Balkans сингари каналларни ўзида бирлаштирган.