Европа бизнеси ассоциацияси автомобиль ишлаб чиқарувчилар қўмитаси Россияда 2013 йилнинг январь — июль ойларида автомобиль импортига оид статистика маълумотларни эълон қилди. Ушбу маълумотларга кўра, “GM-Uzbekistan” Россия бозорида 31182 дона автомашина реализация қилган. Бу ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 38 фоизга камдир. Ўтган йилнинг етти ой давомида Россияда 50549 дона “GM-Uzbekistan” автомобиллари пулланган. 2012 йил июль ойида 9103 дона машина сотилган бўлса, жорий йил июлда кўрсаткич бор-йўғи 3908 донани ташкил қилди.
Шуни айтиш керакки, сўнгги икки ой “GM-Uzbekistan” моделлари учун Россия автобозори муваффақиятсиз якунланмоқда. Жорий йил июль ойида Nexia 64 фоизга, Matiz 44 фоизга қисқарган.
2013 йилнинг 7 ойига кўра, “GM-Uzbekistan” ўз маҳсулотлари билан Россия бозорида 11-ўринни эгаллади. Россия бозоридаги “GM-Uzbekistan” улуши 3,02 фоиздан 1,99 фоизга қисқарди.
Умуман, Россияда 2013 йилнинг ўтган даврида автомобиллар савдоси 8 фоизга қисқарган. Европа бизнеси ассоциацияси автомобиль ишлаб чиқарувчилар қўмитаси раҳбари Йорг Шрайберга кўра, яқин ойларда автомобиль бозори барқарорлашиши керак.
Ўзбекистонда эса шу йилнинг 7 августидан мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобилларни харид қилиш учун шартномалар берила бошланган. Бу эса айрим автосалонларда узундан-узун навбат ҳосил бўлишига сабаб бўлган.