Ўзбекистонда бензин тақчиллиги: миш-миш ва расмий изоҳ

Gazeta.uz
Gazeta.uz

«Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси айрим интернет-манбаларида ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тақчиллиги ҳамда уларнинг нархлари ошгани ҳақидаги ахборотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда «Подробно» янгиликлар агентлиги хабар тарқатди.

Гап шундаки, Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари, чунончи, Газета.uz, Подробно.uz сайтлари Тошкент шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензил тақчиллиги қайд этилганини маълум қилган.

“Пойтахтдаги автомобиль эгалари сўнгги кунларда бензин тақчиллигига дуч келди”, деб ёзади Газета.ўз. Интернет нашри Паркент бозори олдидаги UzGazOil ёнилғи қуйиш шохобчасидан фоторепортажни тақдим этган.

“Тошкент яна бензин тақчиллиги оғушида қолди. Айрим АЁҚШлар узундан-узун навбат билан ишлаётган бўлса, айримлар бензин йўқлиги боис яхши кунларни кутишмоқда”, деб ёзади “Подробно” янгиликлар агентлиги. Интернет-нашри ҳайдовчилар орасида юрган миш-мишларни ҳам келтириб ўтади: давлат нефть нархини белгилашни тижорат қўлига топширади, барча бензин “пахта”га кетмоқда ва бошқалар.

Агентлик бензин қуйиш шохобчаларида энг қиммат бензин борлигини қайд этган.

«Ўзнефтмаҳсулот» акционерлик компанияси директори ўринбосари Зафар Тешабоев UZ24 интернет-нашрига расмий маълум қилишича, яқин келажакда нефть маҳсулотлари нархи ошмайди.

«Бензин тақчиллигининг юзага келишига сабаблардан бири – аҳоли ўртасида яқин вақт ичида бензин нархи ошиши ҳақидаги асоссиз миш-мишлардир», – дейди Зафар Тешабоев. Амалдорнинг қайд этишича, яқин вақт ичида автомобиль бензини нархларини ошириш режалаштирилмаган.

Хабарда аҳоли орасида тарқалган миш-мишларни бартараф этиш бўйича «Ўзнефтмаҳсулот», шунингдек, юқори турувчи ташкилот – «Ўзбекнефтгаз» компанияси томонидан қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган, деб ёзади Kun.uz интернет нашри.

Расмий бензин тақчиллиги юзага келишида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан юкланган ёнилғи цистерналарнинг ўз вақтида белгиланган манзилга етиб келмаётганлигини сабаб қилиб кўрсатган. Бу АЁҚШларни бензин билан таъминлаш ишларига салбий таъсир кўрсатган. Бундай муаммолар «Ўзбекистон темир йўллари» ДАКнинг Ангрен станциясида юзага келганини айтади. Унинг фикрича, темир йўллар катта ҳажмдаги қатновларга мослашмаган.

UZ24’нинг қайд этилишича, кўрилаётган бошқа чора-тадбирлар натижасида 20-22 август кунлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бензин билан боғлиқ вазият барқарорлашиши маълум қилинган.