Самарқанд вилоятида Мустақиллик байрами арафасида 110 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари текширишдан ўтказилган

    1664737vxghegheu8“Президентимизнинг шу йил 12 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида энг улуғ, энг азиз байрамга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда”, деб ёзади “Зарафшон” газетаси. Газетанинг ёзишича, айни пайтда жойларда байрам олдидан “қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида учрашув ва давра суҳбатлари, ижодий кечалар уюштирилмоқда.

    ”Албатта, мазкур тадбирлар ҳамда асосий байрам тантаналарининг аҳоли хавфсизлиги таъминланган ҳолда тинч-осойишта ўтишига эришиш маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг бугунги кундаги энг муҳим вазифаларидан бирига айланган”, дейилади мақолада.

    – Республика Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойиши ҳамда вилоят ҳокимининг қарори асосида байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида вилоят ҳудудида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 20 июлдан бошлаб вилоятимизда “Тозалаш-антитеррор” махсус профилактик тадбири ўтказилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиқи ўринбосари, майор Рашид Раҳимов. – Бу жараёнда асосий эътибор аҳоли масканлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқлари, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларнинг хавфсизлик ҳолатини ўрганиш, паспорт-виза тизимига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда аҳоли ўртасида олиб борилаётган профилактика ишларини кучайтиришга қаратилган. Шунингдек, аэропорт, темирйўл вокзали ва автошоҳбекатларнинг хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш, ўта муҳим, тоифаланган иншоотлар қўриқловини кучайтириш, вилоятга кириш йўлларидаги йўл патрул хизмати постларида транспорт воситаларини тегишли тартибда назоратдан ўтказиш ҳам энг муҳим вазифа сифатида белгиланган.

    Тадбир самарадорлигини ошириш ва белгиланган вазифаларнинг бекаму кўст бажарилишига эришиш учун вилоят, туман ва шаҳар штаблари ташкил этилди ҳамда улар фаолияти доимий равишда мувофиқлаштириб борилмоқда. Барча туман ва шаҳарларга бошқармадан масъул раҳбарлар бириктирилган. Вилоятдаги корхона ва ташкилотларда ходимларнинг навбатчилиги, маҳаллаларда эса жамоатчи посбонлар фаолияти йўлга қўйилди. Булунғур ва Ургут туманидаги қўшни давлат билан чегара ҳудудда ҳам тегишли маъмурий органлар билан ҳамкорликда кучайтирилган тартибда назорат ишлари олиб борилмоқда.
    Давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари томонидан маҳаллаларда муқаддам судланган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган фуқаролар, ички ишлар идоралари ҳисобида турувчи нотинч оилалар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга зарур ижтимоий-маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

    Тадбир давомида вилоят ҳудудидаги 110 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари, икки мингдан ортиқ корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасалари, шунингдек, аэропорт, темирйўл вокзали, автовокзал, автобус бекатлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида хавфсизлик талаблари асосида текширувлар ўтказилди.

    Бу жараёнда паспорт-виза тартиби бузилишига оид 1276 та қоидабузарликлар аниқланиб, бошқа вилоят ва туманлардан келиб яшаб юрган 113 нафар республикамиз фуқаролари доимий яшаш жойларига қайтариб юборилди. Мамлакатимизда бўлиш қоидасини бузганлиги учун уч нафар чет эл фуқаролари тегишли тартибда республика ҳудудидан чиқарилди.

    Жиноятга мойил ва турли ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар билан профилактик-огоҳлантирув суҳбатлари ўтказилди. Тезкор қидирув тадбирлари давомида тергов ва суддан яшириниб юрган беш нафар жиноятчи ушланди. Вилоятимиздаги байрам тантаналари ўтказилиши режалаштирилган объектлар мутасадди идоралар ҳамда вилоят ички ишлар идораларининг соҳавий хизматлари ходимлари томонидан зарур куч ва воситалар сафарбар этилган ҳолда дастлабки кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар масъул идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этилмоқда.

    Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллиги арафасида Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” тўққизинчи халқаро мусиқа фестивали ўтказилиши эътиборга олиниб, иштирокчилар концерт дастурлари намойиш этиладиган Регистон майдони, “Мўъжиза” амфитеатри, “Ёшлик” ва “Суқдиёна” истроҳат боқлари, шунингдек, бир қатор туманлардаги махсус ажратилган жойларда назорат ва текширув ишлари амалга оширилмоқда.

    Ушбу масканларда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнқин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар идоралари ходимлари навбатчилиги йўлга қўйилди.