UZ Миллий домени интернет фестивали бошланди

1111

Ўзбекистонда анъанавий “UZ Миллий домени интернет фестивалига старт берилди.

2001 йилдан бошлаб ўтказиб келинаётган фестивалнинг бош мақсади интернет тармоғининг Миллий “UZ” ҳудудида яратилаётган энг яхши веб-ресурсларни кенг аҳоли қатлами орасида тарғиб қилиш, қўллаб-қувватлаш, интернет тармоғини миллий руҳдаги мазмун-моҳият билан бойитиш, ўзбек тилидаги веб-сайтлар сонини оширишдан иборат.

Фестивал “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси”, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази, “UZINFOCOM” Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази томонидан ташкил этилмоқда.

Миллий фестиваль ташкилотчиларига кўра, Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан Миллий интернет фестивалига расмий кўмак берилиб, мувофиқлаштириб бориш “InfoCOM.UZ” журнали томонидан амалга оширилади.

23 сентябрга қадар давом этадиган фестивал икки босқичда ташкил этилади. 10 сентябрга қадар давом этадиган биринчи босқичда веб-сайтлар сайт эгаси ёки интернет фойдаланувчиси томонидан танловда иштирок этиш учун www.if.uz веб-сайтида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлади. Иккинчи босқичда ахборот коммуникация технологиялари, маданият, санъат, спорт, тиббиёт ва бошқа соҳа вакилларидан иборат танлов ҳайъати номзод веб-сайтлар орасидан 10 та йўналиш ва яна бир қатор туб номинациялар бўйича 1-, 2-, 3-ўринлар учун ғолибларни аниқлашади.

Интернет фестивалига бағишланган матбуот анжумани. if.uz
Интернет фестивалига бағишланган матбуот анжумани. if.uz

Шунингдек, муайян йўналишлар бўйича WWW.UZ Миллий қидирув тизими томонидан энг яхши, деб топилган веб-сайтлар Миллий қидирув тизими томонидан рағбатлантирилади. Веб-сайтларни баҳолашда мазкур электрон манзилларга ташриф буюрувчи интернет фойдаланувчиларининг сони, веб-сайт рейтинги ҳам инобатга олинади. Танлов ғолиблари жорий йилнинг 23 сентябрь куни “Ёшлар ижод саройи”да Ахборот коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказиладиган тақдирлаш маросимида эълон қилинади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 1995 йил асос солинган «UZ» ҳудудидаги фаол доменлар сони жорий йилнинг 12 август ҳолатига кўра 16733 тани ташкил этади. 2012 йилнинг август ҳолати билан таққослаганда, 1733 тага кўпдир. Бундан ташқари, интернет тармоғининг «UZ» ҳудудида фаолият юритувчи учинчи даражали доменлар сони ҳам бир неча мингтани ташкил қилади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу кўрсаткичлар нафақат сон жиҳатдан, балки сифат – аҳолига фойдалилиги, қизиқарлилиги билан ҳам ошиб бормоқда.

2011 йилги UZ миллий домени Интернет-фестивалида “Ватандош” газетасининг расмий сайти – www.vatandosh.uz танловнинг “Оммавий ахборот воситалари йўналишидаги энг яхши сайт” номинациясида 2-ўринни эгаллаган.