Чодирлар ичидаги мигрантлар ҳаётидан фоторепортаж

24

Ўтган ҳафта Москвада 900 кишига мўлжалланган лагерь ташкил этилди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Россиянинг аксарият шаҳарларида кенг миқёсли рейдлар ўтказилди. “КоммерсантЪ”нинг ёзишича, пайшанба куни Москвада 900 кишига мўлжалланган лагерлар ташкил қилинган. Унда мамлакатдан депортация қилинадиган мигрантлар сақланади.

РФ ИИВ Москва шаҳар бош бошқармаси Вячеслав Козловнинг  айтишича, чодир лагерлардан шаҳардаги мавжуд стационар пунктларда жойлар қолмагач, фойдаланилмоқда.

Аммо мигрантлар учун лагерларда яратилган шарт-шароитлар кенг жамоатчилик, шунингдек, халқаро ташкилотлар, дипломатик миссия вакиллари томонидан танқид қилинмоқда.

Хусусан, Вьетнамнинг Россиядаги элчихонаси мигрантларни сақлаш шароитлари ёмонлигини айтган. “Сақлаш шароитлар оғир. 50 метр квадрат чодирда 40 киши яшамоқда. Бу ноинсоний шароитдир”, дейди элчихонанинг консуллик бўлими бошлиғи Ле Хонг Чонг.

Унинг сўзларига кўра, Вьетнам элчихонаси Россия ҳукуматига лагердаги вазият хусусида аниқ ахборот беришни сўраб мурожаат қилган. Ҳозирча расмий жавоб олинмаган.

Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни Москванинг Иртиш кўчасида 1,5 минг киши ҳибсга олинган бўлиб, уларнинг аксарияти вьетнамликлар бўлган. 2-Иртиш проездида жойлашган чодирларда 612 киши сақланган. Гастарбайтерлар учун биоҳожатхона, чодир, душ ва санитария шароитлари яратилган.

Аммо асосий муаммо шундаки, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари лагерларнинг юридик мақоми йўқлигини таъкидлашмоқда. Ўз навбатида, у ерда жойлашган шахслар озодликдан ноқонуний маҳрум қилинган. Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари омбудсман Владимир Лукин билан чодирларни кўздан кечириб чиққан ҳамда шароитлардан қониқиш ҳосил қилмаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Россия федераль миграция хизмати мамлакат бўйлаб чодирлардан 83 та ана шундай лагерь ташкил қилишини маълум қилган. Москва ва Москва вилоятида, шунингдек, Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида ҳам мигрантларга қарши оммавий рейдлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Федерал миграция хизматининг Москва вилояти бошқармасига кўра, вилоятда 400 нафар киши ҳибсга олинган. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир.

BBCUzbek хизматининг ёзишича, матбуот маркази рад этаётганига қарамай, журналистлар талабига кўра шифокор лагерда 20 га яқин ҳомиладор аёл борлигини маълум қилди. Уларнинг бири ўзбек.

Иссиқ сув, ювинишга шароит йўқ. Бераётган овқатларига қорин тўймайди. Ҳомиладорлигим ҳам ҳисобга олинмаяпти. – дейди ўзини Севинч деб таништирган аёл. – Чодирни ичи иссиқ ва дим, тоза ҳаво йўқлигидан бош айланади. Диққатчиликка асабларимиз ҳам чидамаяпти.

Тутқунларга икки маҳал овқат, нон ва чой берилмоқда. Овқатланиш тартибидан кўпчилик норози.

“Кўпчилигимиз мусулмонмиз, чўчқа гўшти емаймиз, – деди афғонистонлик муҳожир Ашрафи. – Овқат ичидаги гўштчани нимаданлигини билиб бўлмайди. Рўза тутаётганлар жуда қийналишаяпти”

РИА Новостининг хабар беришича, чодирлардан барча аёлларни олиб чиқилган ҳамда улар махсус қабулхоналарда жойлаштирилган. Фақатгина ўз турмуш ўртоқларини ташлаб кетишни хоҳламаган аёлларгина лагерда қолган. Сўнгги маълумотларга кўра, 388 нафар киши истиқомат қилади, улар орасида болалар йўқ.

Чодирлардаги вьетнамликларнинг норозиликлари туфайли муҳожирларнинг овқатланишига ўзгартириш киритилди. Гречкали бўтқа ўрнига гуручли таом бериладиган бўлди.

Қуйида россиялик блогер Илья Варламовнинг чодир ҳаётидан тайёрлаган фото-репортажидан айрим суратларни ҳавола этамиз. Суратлар 5 август кунига тегишли.

01

02

04

09

11

13

16

21

20