Хитой “Бир оилага — бир бола” тизимидан воз кечиши мумкин

one-child-policy

Хитой яқин йиллар ичида ўзининг оилани режалаштириш сиёсатини ўзгартириши мумкин. Синьхуа ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, оилаларга бир нафардан ортиқ фарзанд кўриш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Хитой соғлиқни сақлаш ва болалар туғилиши масалалари бўйича қўмитаси матбуот котибининг маълум қилишича, мамлакат “Бир оилага — бир бола” тизимидан воз кечиши мумкин. унга кўра, демографик вазиятни тадқиқ қилиш учун махсус комиссия тузилади. Хитой ҳукумати айни пайтда ушбу қарорга келишда эҳтиёткорлик ва аниқ тартиб асосида иш тутади. Ҳозирча бу чеклов қачон олиб ташланиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Шуни қайд этиш керакки, Хитой 1970-йилларда “Бир оилага — бир бола” тизими тарғиботини бошлаган бўлиб, ўша йилларнинг охирига келиб, у мажбурий кучга эга бўлди. Унга мувофиқ, Хитойда ер, сув ва энергетика ресурслари тақчиллиги юзага келиши тахмин қилингач, қонун билан оила миқдори чегараланди. Ўшандан бери хитойликлар оилада бир нафардан ортиқ фарзанд кўриши мумкин эмас. Шунингдек, мажбурий бичиш амалиёти ҳам қўлланилган.

Ҳозирги кунда ушбу йўналишда бир қатор енгиллик ва истиснолар бор. Масалан, Пекинда эр ва хотин оилада ёлғиз фарзандлар бўлишса, улар иккинчи фарзандни кўришлари мумкин. Биринчи фарзанд ногирон бўлса ҳам иккинчи фарзандга рухсат этилади. Мабодо қишлоқ аҳолиси биринчи фарзанди қиз бўлса, иккинчи фарзанд кўришлари мумкин. Айни пайтда мамлакатда кеч турмуш қуриш рағбатлантирилади.

Аммо ўтган йили экспертлар бундай истиснолар кам қилишини маълум қилишди. Хусусан, бултур ишлаётган аҳоли сони камайгани қайд этилди. Таҳлилчилар фикрича, расмий статистика бу борадаги вазиятни яққол кўрсатмаслиги мумкин. Меҳнат кучининг қариш жараёни бошланмоқда, бу, ўз навбатида, ишчи кучи тақчиллиги ҳамда меҳнат таннархининг ошишига олиб келади.

Баъзи кузатувчилар Хитойда шошма-шошарлик билан қарор қабул қилиб бўлмаслигини ёзишади. Уларнинг фикрича, бундай қарор янги “baby boom” (туғилишлар сонининг кўпайиши)га олиб келади ва ишсизлик ортиб, жиддий муаммолар юзага келиши мумкин.