“Шарқ тароналари” халқаро фестивали гран-приси Ҳиндистон вакилларига насиб этди

9848

Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” тўққизинчи халқаро мусиқа фестивали якунланди.

Қарийб бир ҳафта давомида кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд мусиқа байрами шукуҳи билан яшади. Шаҳардаги Регистон майдони, “Мўъжиза” ва “Ниҳол” амфитеатрлари, “Ёшлик” истироҳат боғи, Самарқанд, Оқдарё, Пастдарғом ва Жомбой туманларида 52 мамлакатдан ташриф буюрган санъаткорлар ўз истеъдодини намойиш этди. Турли тилларда Ватан, тинчлик ва дўстлик, муҳаббат ва садоқатни тараннум этувчи қўшиқлар янгради, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Анжуман доирасида ўтказилган “Шарқ мусиқа анъаналари замонавий маданият тизимида” мавзусидаги илмий конференция санъатшунос олимларнинг йирик халқаро анжумани сифатида муҳим ва долзарб масалалар муҳокамасига бағишланди. Тадбирда ўнлаб мамлакатлардан келган олим ва мутахассислар ўз маърузалари билан қатнашди.

Бу гал ҳам фестивалда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.

Фестивалнинг бош соврини – Гран-при Ҳиндистон Республикаси вакилларига насиб этди. Буркина Фасо ва афғонистонлик иштирокчилар биринчи, Хитой, Буюк Британия ва Жанубий Корея санъаткорлари иккинчи ўринга сазовор бўлдилар. Ўзбекистонлик созанда Аброр Зуфаров, Япониянинг “Чикуюша” гуруҳи ҳамда австриялик санъаткорлар эса учинчи ўринга лойиқ топилди.

– Ҳаяжон ва фахр-ифтихоримни сўз билан ифодалашим қийин, – дейди Гран-при соҳиби, Ҳиндистон жамоаси раҳбари Рашми Агарвал хоним. – Аввало мазкур нуфузли санъат анжуманида иштирок этишнинг ўзи энг катта муваффақият эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Бизнинг чиқишимиз юқори баҳоланиб, олий мукофотга муносиб кўрилгани ҳинд халқи санъатининг юксак эътирофи деб биламан. Фурсатдан фойдаланиб, шундай гўзал ва бетакрор фестивални ташкил этиш ташаббускори – Ўзбекистон Президентига, тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик изҳор этаман. Биз келгуси фестивални ҳам орзиқиб кутамиз ва бу гўзал саҳнада яна қўшиқ ижро этишни орзу қилиб қоламиз.

Бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Маросимда фестиваль ғолиб ва совриндорлари, юртимиз санъат усталарининг катта концерт дастури намойиш этилди.

Фестиваль байроғи туширилди. Анжуман иштирокчилари яна икки йилдан сўнг Самарқандда “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалида учрашиш ниятида хайрлашдилар.

Халқаро мусиқа фестивалининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаев иштирок этди.