Бўлинган Сурия, бўлинган дунё

2013-03-12T122311Z_01_SYR05_RTRIDSP_3_SYRIA-CRISIS

Суриядаги сўнгги воқеалар дунё давлатларини икки қутбга ажратиб ташлади. Айни пайтда бу зиддият одамлар ва ҳукуматлар ўртасидаги фарқни ҳам яққол кўрсатиб қўйди. Биз қуйида Суриядаги вазиятга ҳарбий аралашувга турли давлатларнинг муносабатларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Хулоса сиздан.

Украина

Украина президенти Виктор Янукович Суриядаги вазиятга ҳарбий аралашувга қарши эканлигини маълум қилган. “Гап, мисол учун, Сурия ҳақида борар экан, биз мазкур муаммоларнинг ҳарбий воситалар билан ҳал этилишига қатъий қаршимиз”, деди президент.

Канада

Канада ҳарбий ҳаракатларни иштирок этмаслигини маълум қилган. Канада Бош вазири Стивен Ҳарперга кўра, расмий Оттава АҚШ ва унинг иттифоқдошларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. “Агар биз ушбу масалага ўз муносабатимизни билдирмасак, оқибатлари ёмон бўлади”, деди Бош вазир.

Хитой

Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван Ига кўра, куч ишлатилиши Сурия масаласини ҳал этмайди.  “Ҳозирги пайтда БМТ экспертлари Сурияда суриштирув олиб бормоқда. Хитой ташқаридан турли босимларсиз ҳалол, холис ва профессионал суриштирув олиб боришни қўллаб-қувватлайди. Тарафлар ушбу гуруҳ фаолияти учун барча шароитларни яратиши керак. Тадқиқот натижалари чиққунга қадар томонлар турли прогнозлар, айниқса, аниқ ҳаракатлардан тийилиб туриши керак”, деди у.

Аргентина

Сурияга қарши ҳарбий амалиёт вазиятнинг янада чуқурлашишига ва ҳалок бўлганлар сони ошишига олиб келади, дейилади Аргентина ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда. Эслатиб ўтамиз, Аргентина БМТ Хавфсизлик кенгашига вақтинчалик раислик қилмоқда. “Аргентина БМТ экспертлари хулосасисиз бошланадиган ҳар қандай ҳарбий аралашувга қарши чиқади. Чунки кимёвий қурол қўлланилгани тасдиқланмасдан қилинган ҳаракат кўптомонлама тизимнинг қулашига ва қонунийликка барҳам беради”, дейилади ҳужжатда. Аргентина ташқи ишлар вазирлигига кўра, фуқароларни ҳимоя қилиш мажбурияти ниқоби остида бир томонлама ёки бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ҳужум қилиш тинчлик ва хавфсизлик қадриятлари бузилишига олиб келади.

Франция

Расмий Парижнинг фикрича, Суриядаги воқеаларга тезкорлик ва қатъийлик билан муносабат билдириш керак. “Биз европалик шерикларимиз билан бирга зарур жавобни тайёрлаяпмиз”, деди Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус. Унинг сўзларига кўра, Дамашқ режими томонидан содир этилган кимёвий ҳужумларни Франция жавобсиз қолдириш керак, деб ҳисобламайди. “Биз пухта ўйланган, ҳисоб-китоб қилинган ҳамда қатъий муносабатимизни илгари сурмасдан иложимиз йўқ”, деди вазир Парижда бўлиб ўтган Франция элчиларининг йиллик йиғилиши ёпилишида.

Германия

Германия Федератив Республикаси ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле хитойлик ҳамкасби Ван И билан телефон орқали мулоқотда Германия Сурия инқирозини дипломатик ва сиёсий йўллар билан ҳал этишни ёқлашини таъкидлаб ўтди. Айни пайтда, ГФР ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарига кўра, дунё ҳамжамияти, агар у тасдиқланадиган бўлса, кимёвий қуроллар қўлланишга тоқат қилмаслиги керак. Шу билан бирга, расмий Берлин БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан якдил эканлигини маълум қилди.

Ватикан

Ватикан ҳам Сурия масаласига ўз муносабатини билдириб ўтди. Рим папаси сўзларига кўра, Сурия халқининг барча вакиллари иштирокида халқаро ҳамжамият кўмагида музокара ва мулоқот олиб борилиши мавжуд зиддиятга барҳам беришнинг ягона йўлидир.

Покистон

Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда Покистон Сурияда давом этаётган зўравонлик ҳолатларидан ўз хавотирини маълум қилиб, томонларнинг конструктив мулоқотга келиши зарурлигини қайд этган. Баёнотда Сурия ҳукумати армияси объектларига қарата ҳаводан ҳужумнинг уюштирилиши халқаро ҳамжамият томонидан “қораланиши” ва “Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети” ҳимояланиши кераклиги уқтирилади.

Миср

Миср Сурияга хориждан ҳарбий аралашувга қаршилик билдириб, бундай тадбирда иштирок этмаслигини қайд этган. “Сурия Ислом Республикасидаги зиддият фақат сиёсий йўллар билан ҳал этилиши керак, ҳарбий характердаги чораларга қўл урмаслик лозим”, деди Миср ташқи ишлар вазири Набил Фаҳмий.

Туркия

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғлининг айтишича, агар Сурияда амалдаги режим сақланиб қоладиган бўлса, минтақада ҳам, Туркияда ҳам тинчлик бўлмайди. “Бугун арзон сиёсат олиб борадиган пайт эмас. Туркия ҳеч қачон ҳарбий куч ишлатиш тарафдори бўлмаган, аммо ҳозир вазият бошқача: Сурияда кимёвий қурол ишлатилган. Минглаб одамлар ҳалок бўлди. Биз бунга жавоб беришимиз керак”.

Венесуэла

Венесуэла ҳукумати ва халқи “империалистик державаларнинг Сурия ҳудудида ҳарбий амалиёт ўтказиш ниятини қоралайди ва инкор қилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Николас Мадуро маълум қилган.

Польша

Польша режалаштирилаётган эҳтимолий ҳарбий аралашувда ҳеч қандай шаклда иштирок этишни кўзламаяпти. Республика Бош вазири Дональд Туск мамлакат парламентида қилган чиқишида “Мен бундай аралашув керакли самара ва натижани беради, деб ўйлайдиганларга қўшилмайман”, деди. Унинг сўзларига кўра, Сурия ва Мисрдаги дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Австралия

Австралия Сурияда Башар Ассадга қарши БМТ мандатисиз ҳам ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Боб Карр маълум қилган. 1 сенятбрдан БМТ Хавфсизлик кенгаши раислиги Австралияга ўтади. Боб Каррга кўра, агар кимёвий қурол қўлланилгани аниқланадиган бўлса, бу ҳаракатларга ҳатто БМТ рухсатисиз ҳам жавоб бериш мумкин бўлади.

Япония

Япония Сурия можаросини ҳал этишда АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Япония Вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсихида Суга айтиб ўтган. “Биз Суриядаги вазият чуқурлашиб бораётганидан хавотирдамиз ва АҚШ ҳамда бошқа мамлакатлар билан ушбу муаммони ҳал этишда ҳамкорлик қиламиз”, деди у.

Норвегия

Ғарб давлатларининг Сурияга ҳарбий аралашувига БМТ Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюцияси бўлгандагина йўл қўйиб бўлади, деди Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде. “Юзага келган вазият шуни кўрсатмоқдаки, айрим давлатлар ҳарбий аралашувга тайёр туришибди. Аммо охирги қарор қабул қилинмаган. Норвегия, ўз навбатида, ҳарбий амалиёт БМТнинг тегишли мандати бўлгандагина қонуний бўлади, деб ҳисоблайди”, деди у, жумладан.

Исроил

Исроил воқеаларнинг ҳар қандай ривожланишига тайёр. Мамлакат Бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг айтишича, Исроил давлати ҳар қандай сценарийга тайёр. “Биз Суриядаги фуқаролар урушида қатнашмаймиз, аммо ўзимизга нисбатан қандайдир таҳдидни сезсак, тегишли тартибда жавоб қайтарамиз”, деди яҳудийлар давлати ҳукумати раҳбари.

Манба: ИТАР-ТАСС, РИА НОВОСТИ, Euronews, BBC, CNN, The Telegraph, The Guardian