“Ведомости”: “Ҳокимият МДҲдан келган мигрантлар орасида жиноятчилик ҳақидаги маълумотлар билан одамларни манипуляция қилмоқда”

15016191_news_bigpic

Россиядаги нуфузли нашрлардан бири “Ведомости” ўз саҳифасида сўнгги кунларда мамлакатда мигрантларга қарши олиб борилаётган сиёсат ҳақида таҳририят муносабатини билдирди.

Нашрнинг ёзишича, ҳукумат мигрантларга қарши ҳаракатлар фаоллашганини этник диаспоралар орасида жиноятчилик ўсганлиги билан изоҳламоқда. Амалдорлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлар мутасаддилари МДҲ ва бошқа давлатлар вакиллари орасида жиноятчилик ўсиши ҳақида ҳар куни ваҳимали бонг уриши оммавий онгда гастарбайтерлар ҳақида кескин салбий образни шакллантирмоқда. Мутлақо абстракт бегона мигрант нафақат маҳаллий аҳоли ишини тортиб олаётган, балки гиёҳванд моддаларни пуллаётган, тинч аҳолини ўмараётган ва алдаётган душманга айланмоқда. Мигрантлар орасида жиноятчилик ўсаётгани ҳақидаги гап-сўзларини амалдорлар рақамлар билан исботлашга уринишмоқда. Москва шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Сергей Собянин “Ведомости”га берган интервьюсида шаҳардаги бозорлар ва юзлаб хорижликлар қалбаки рўйхатдан ўтган “резина” квартиралар атрофида жиноятчиликни мулойимгина қилиб гапириб ўтди, ҳуқуқ-тартибот вакиллари эса мигрантлар орасида жиноятчилик фаоллашгани ҳақида очиқроқ гапиришмоқда.

Чунончи, Москва прокурори Сергей Куденеев шаҳар прокуратураси ҳайъат йиғилишида шаҳардаги жиноятларнинг 20 фоизи мигрантлар томонидан содир этилганини маълум қилди. Унинг маълумотларига кўра, мигрантлар томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 баравар кўпайган, оғир ва ўта оғир жиноятлар сони эса 60 фоизга кўпайган. Соғлиққа онгли равишда жароҳат етказиш 37 фоизга, қотиллик 20 фоизга ортган.

Прокурорнинг арифметикаси кишида савол туғдиради: икки ҳафта бурун Куденеев ўз интервьюсида мигрантлар томонидан 2008-2012 йилларда жиноятлар сони икки баравар қисқарганини айтган эди.

Бундай қарама-қарши баёнотларнинг боиси не?

Ҳуқуқ-тартибот органлари мигрантлар орасида ичкиликбозлик ҳақида гапираётганда, гап рўйхатга олинган, жиноят иши очилмаган ва судга юборилмаган жиноятлар ҳақида боради. Бундай маълумотлар билан манипуляция қилиш ҳамда ваҳимали баёнотлар қилиш мумкин бўлади. Одатда содир этилган барча қилмишларнинг 6-7 фоизи бўйича жиноят иши очилади.

Агар судлар томонидан кўриб чиқилган жиноий ишларни кўрадиган бўлсак, хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар улуши у даражада катта эмас. Олий суд ҳузуридаги суд департаменти маълумотларига кўра, хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар энг кўпайгани (2,8 фоиздан — 3,5 фоизгача) 2008-2009 йилларда юз берган. Буни изоҳлаш қийин эмас: инқироз кучайган бир шароитда гастарбайтерлар учун меҳнат бозори қисқарган эди. Кейинчалик мигрантлар улуши барқарор қолиб, 3,8 фоиздан ошгани йўқ.

 Пойтахтда мигрантлар орасида жиноятчилик юқори. Москва шаҳри бўйича суд департаментига кўра, 2012 йилда МДҲ вакиллари жами жиноятларнинг 17 фоизини содир этишган. Аммо уларнинг қарийб тўртдан бир қисми ҳужжатларни қалбақилаштириш билан боғлиқ. Европа институти ҳузуридаги Ҳуқуқни қўллаш муаммолари институти тадқиқотларига кўра, хорижликларнинг жинояти мигрант мақоми билан боғлиқ жиноятлар ҳисобланади. Одатдаги жиноятлар қисмида уларнинг РФ фуқаролари жиноятларидан кескин фарқ қилмайди. Агар мигрантлар сони Россияда (11,3 миллион) ва Москвада (2 миллиондан ортиқ) баҳоси тўғри бўлса, мигрантлар маҳаллий аҳолига нисбатан камроқ жиноят содир этишга мойиллиги аён бўлади.

Яна бир жиҳат, мигрантлар ҳақида “зарур” статистика бўлмаса, амалдорлар жанубий ўлкалардан келганларнинг жиноятини ҳам мигрантлар улушига аралаштириб юборишади. Халқ эса бундай айбловларга енгилгина учиб, “бегоналар”ни фуқаролигидан қатъи назар депортация қилишни талаб қилади.