Мурод Муҳаммад Дўстнинг айби нимада?

Ўзбекистонда нашр этиладиган “Истиқлол қуёши” газетасининг 5 сентябрь сонида Тожиддин Раззоқнинг ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ҳақида мақоласи эълон қилинибди. Мурод Муҳаммад Дўст ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндалари сифатида, қолаверса, бугунги кунда кенг жамоатчилик учун қизиқарли шахс бўлгани учун ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз. 

d0bcd183d180d0bed0b4

ОНАМИЗ — ЎЗБЕКИСТОН!

1. Биз Мурод ака – Мурод Муҳаммад Дўст – билан ўтган асрнинг етмишинчи йиллари талабалар шаҳарчасидаги 85-ётоқҳонани бошимизга кўтариб, кў-ўп баҳслашганмиз.

  Адабиёт илмига кўнгил қўйган биз сингари… ўспиринлар учун Мурод ака бадиий адабиётнинг намунаси, тимсоли даражасидаги… талаба эди. Сўнг Мурод ака ҳеч кимга айтмасдан Москвага жўнаворди ва ўша ёқдан “Москва” деган ёзув машинкаси кўтариб қайтди.

  Бу орада мен ўқишни битириб, яна Сурхондарёга эндим.

  Бир гал Тошкентга йўлим тушиб, Йўлдош Эшбекнинг турар жойини биладиган бирорта танишга йўлиқиш учун ҳозирги Амир Темур ҳиёбони яқинидаги Ёзувчилар уюшмасига бордим ва Мурод акага рўпара келиб қолдим.

– Ҳозир “Пушкин”га… – деди Мурод ака. – Сўнг Йўлдошнинг уйига ўтамиз.

  Билсам, ўша куни Комил Яшин раисликдан кетган… Хуллас, беш-олти кишилик ошга менинг ҳам ризқим қўшилган экан. Алқисса, Мурод ака айтганини қилди: Йўлдошнинг хароб ва ғариб, ҳатто, эшигини гадой тақиллатишга кўнгли чопмайдиган ижара хонасига бошлаб борди… Йўлдош уйда йўқ бўлгани билан, худди уни кўргандай бўлдим.

  Айтдим-ку, ётоқхона талабаларга тўла бўлса-да, биз Мурод ака билан… иноқ эдик: Ботир Зокировнинг “Раъно” деган қўшиғини Мурод ака машҳур қўшиқчимизнинг ўзидан ўтказиб айтишини ҳалиям мавриди келганда гапириб юраман.

2. Ўша… Комил Яшиннинг… ошидан сўнг биз Мурод ака билан юзма-юз келмадик шекилли. Бир марта Йўлдошга: “Негадир, баъзан Мурод акани кўргим келади”,  десам, “Бизнинг ҳам учрашмаганимизга жуда кўп йиллар бўлди. Ўзи даракламайди. Менинг эса суйкалиб боришга оёғим тортмайди”,  деди. Кейин шақирлаб кулди: “Борганим билан, бизга ўхшаганларни ичкарига киритмайди-да!”

3. Кейин, ҳаммаёқ “Лолазор” бўлиб кетди: Мурод ака шу романни ёзиб, яхши қилди – Яхшибоевларга куни қолган халқнинг эртанги кунидан… хабар берди. Роман жуда енгил ўқилади, аммо мутоаладан сўнг сизни қайғу босади ва у юкнинг залвори кун сайин оғирлашиб бораверади: ана ўша таъқиб одамни эзиб ташлайди – “Лолазор”да Назар Яхшибоев қазо қилгани билан, у бутунлай… ўлмаган экан! Ҳозир ҳам Яхшибоевлар ҳамда Чоршанбиларнинг… кайфияти жуда яхши: уларнинг китобларини нашриётлар армонсиз чоп этмоқда, халқ эса талашиб… ўқимоқда – айтдим-ку, “Лолазор” жуда оғир… роман деб. Агар Гоголь тирик бўлганида, ўйлаб ўтирмасдан “Лолазор”га имзо қўяр эди, деб ўйлайман… баъзан.

4. Лекин, мен “Истеъфо”даги Шозамон Эломоновнинг кўнглидаги ёруғликни яхши кўраман: Шозамон акага ўхшаган одамлар кундалик турмушимизда жуда кам, адабиётда эса йўқ… эди – ҳарқалай, мен шундай деб ўйлайман. Биласизми, у одам… мунофиқ эмас! Мунофиқ бўл…маслик эса ҳамма… замонларда ҳам жуда қийин, аммо бундай одамлар бор. Лекин, биз улардан… нафратланамиз. Чунки, улар ёлғон айтмайдилар, омонатга хиёнат қилмайдилар, берган ваъдасининг устидан чиқадилар…да! Рауф Парфининг иборалари билан айтганда, улар шу даражада… лодонки, Ватан, халқ манфаати учун (бизнинг назаримизда) ахмоқларча, киприги қилт этмасдан, ўлимга ҳам тикка борадилар.

Эсингизда бўлса Гогольда – қаҳрамон ана шундай… ахмоқ одам эди, – ҳатто, тамаки чекадиган трубкам ғанимларнинг… тупроғида қолмасин деб, оқибатда Тарас Бульба чормих қилиниб, гулханда ёнади: айтинг, сиз билан биз шундай… қилармидик?

5. Баъзи ошналарига ўхшаб Мурод аканинг кинога… ёпишиб олмагани ҳам яхши бўлди. Менимча, ҳамма нарсага жуда баланддан қарайдиган… адиб сифатида режиссёрлик қилиб Элдор Рязанов ёки Леонид Гайдай, сценарий ёзиб Виктория Токарева… бўлолмаслигини билди, шекилли. Чунки, асрларни, миллатларни, ҳатто тоғдай чегара ва тўсиқларни писанд қилмайдиган кино яратиш учун одам бош ҳарфлар билан ёзиладиган катта ШАХС бўлиш керак: иқтидор, истеъдод, уқув деганлари у бозорда пулга топса бўладиган… матаҳлардир. Чунки, истеъдодли ва иқтидорли… шоирларнинг, ёзувчиларнинг, режиссёрлар ва сценарийчиларнинг рўйхати билан қалин дафтар тўлдириш мумкин. Лекин уларнинг бирови ҳам асрлар у ёқда турсин, ҳатто, Худо берган умрича ўқиладиган асар яратолмадилар. Бандаи ожиз, айниқса ижодкор комилликка эришмас экан у “яратган” асарлар… ҳечдир. Ана, Мурод ака Шўро салтанатининг гуллаб-яшнаган замонида “Лолазор”ни ёзиб, эълон қилди-ку!

Ёки: Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг муҳташам ва муаззам “Тарихи Муҳаммадий” романи худди ўша – кейинчалик биз турғунлик йиллари деб атаган замонда ёзилди-ку!

Ундан ҳам нарроққа борсак, Михаил Булгаков – “Мастер ва Маргарита”.

Айтмоқчи, Михаил Булгаков Гогольни жуда яхши кўрган ва шунинг учун ҳамма тирсаклаб ташлаган Виккентий Вересаев билан ошначилик қилган.

6. Эътибор қиляпсизми, гап-гап билан Мурод акани сал бўлмаса Гогольга тенглаштириб қўйдим. Нима бўпти, ҳар қандай китобхоннинг шундай ҳуқуқи бор ва бундай мулоҳазалардан осмон узилиб ерга тушмайди.

7. Лекин Гогольнинг нафақат гумбурлаган қаҳвахонаси, ҳатто, бир қаватли уйи ҳам бўлмаган, шунинг учун ўлиги бир ошнасининг уйидан чиққан.

8. Бурноғи йили ўрта яшар… ил-ғор, яъниким, мансабдор бир ёзувчи билан, негадир, Гоголь ҳақида гаплашиб қолдик. Мен гап орасида: “Гоголь ниҳоятда тақводор одам эди. Шунинг учун унинг ёзганлари… зўр!” дедим. Ҳалиги амалдор дўстимиз ичида: “Тожиддин аканинг калласи айнипти”, деб ўйлади шекилли, гапни тезгина обуна ишларининг яхши эмаслигига буриб юборди.

9. Менинг баъзан Гоголь билан… баҳслашгим келади. Чунки, ҳар қандай ғайратли ижодкор (ҳатто, Алишер Навоий ҳам!) кўнглидан кечган гапларнинг мингдан бирини ёзишга муяссар бўлади –  қолганини ўзи билан олиб кетади.

10. Умуман, суҳбатда гап кўп: бекорга Баҳовуддин Нақшабанд ҳазратлари: “Бизнинг тариқатимиз – суҳбатдир!” демаганлар, ахир.

11. Ижодкорнинг шахси, яъни, теварак-атрофга муносабатлари, у ёзган китоблардан ҳам жуда қизиқарлидир: бу – Жек Лондоннинг “Мартин Иден”даги гап. Ва… тўғри гап!

12. Мурод ака бу масалада жуда узоқ сукут қилди – биз ҳам сабр билан… кутдик. Шунинг учун 2008 йили “Тафаккур”даги суҳбат зиёлилар ўртасида талаш бўлди. Мен у суҳбатни ўқиб, бир пайтлар ўзим билган ўша… Мурод акани кўргандай бўлдим: э, қойил, дедим! “Сиёсатга аралашган одамнинг тозаси жуда кам қолади!” деган гапни эса узр ўрнида қабул қилиб, Мурод аканинг ростгўйлиги ва самимийлигига… қўл кўтарганман. Масалан, мен Мурод аканинг ўрнида бўлганимда, шу… гапни айтолмас, айтмас эдим. Чунки, бир кун туз тотган хонадонга қирқ кун салом бер деган… кўҳна ақидаларга Тошкентдан узоқдаги вилоятларда ҳозир ҳам амал қилишади. “Тўйдирганнинг қорнига…” деган истеҳзоли ибора, тузини еб, тузлиққа тупурган одамларга қарата айтиладики, бу гапнинг, хусусан, Мурод акага мутлақо алоқаси йўқ. Лекин, бу гапни “Биз демократлармиз!” деб, ҳали мурғак, аммо мустақил мамлакатимиз… юзига қора бўёқ суркаш эвазига… кун кечираётганларга нисбатан бемалол айтса бўлади. Чунки, бўлар элнинг йигитлари бир-бирини ботирим, деса бўлмас элнинг йигитлари бир-бирини… дер экан. Қаранг, халқнинг… донолигига!

Ҳақиқатдан ҳам қизиқ-да, ўша… ватандошларимиз Европадан, Америкадан туриб, Ўзбекистондаги давлатни… ўзгартирмоқчи бўладилар: бу  мунажимларнинг ерда туриб, юлдузларга, Ойга, Қуёшга таъсир ўтказишидай… гап! Агар сен ватанпарвар бўлсанг, кел, кароматларингни бизга кўрсат… барака топгур! Йўқ, биз ҳали, кейин оқ от миниб борамиз, дейишади. Қаранг… “бир парча гўшт билан итни не куйларга солиш мумкин!” (Оноре де Бальзак)

13. 85-ётоқхонада Мурод ака билан баҳслашиб юрган йилларимизда ва ундан олдин ҳам ёзувчи бўлишни… орзу қилганман. Бу… хаёлнинг кўчасига кирганимга ҳам эллик йилнинг қорасини олибди. Аммо, мендан биров эътироф этадиган ёзувчи чиқмади. Ана, Сергей Давлатовларни ёзувчи деса бўлади – турган-битгани… тафсилот. Мен эса талқинга берилиб кетаман. Чунки, талқин, мулоҳазалар… хусусий бўлганлиги учун, ўқувчига мутлақо қизиқ эмас, ҳаттоки, аҳамиятли ҳам бўлмаслиги мумкин. Тўғри, бир марта Жалолиддин  менга: “Билдим – Сиз Сергей Давлатовга ўхшатиб ёзар экансиз!” деган. Аммо мен унга: “Давлатовнинг асарлари Россияда тўқсонинчи йиллардан кейин пайдо бўлди-ку!” демаганман. Хуллас, талқинларни тўхтатиб, тафсилотларга ўтамиз.

14. Қўл телефон дегани – бало чиқди: ҳамманинг ҳамма гапдан хабари бор – Мурод ака “Би-би-си” мухбири билан гурунглашибди деган… хабар табиийки, мени хурсанд қилди. Чунки, Мурод ака барибир… Мурод Муҳаммад Дўст-да!

Бир ҳафта деганда (вилоятчилик) суҳбат матни қўлимга тегди.

15. “Тафаккур”даги суҳбатнинг ҳавоси мендан кўтарилмаган экан, “Би-би-си”мухбирининг саволларига Мурод ака айтган жавоблар”, негадир, кўзимга… жўн кўринди. Чунки, мен Мурод акадан яна Гоголона истеҳзоли қочиримлар кутган эдим: ўрганиб қолганмиз-да!

16. “Би-би-си”нинг, ҳозир қандай асарлар устида ишлаяпсиз, деган саволига Мурод ака “Туркум ҳикоялар устида ишлаяпман ҳозир. Балки бугунги куннинг одамлари ҳам кириши мумкин. Яна каттароқ бир нарса бошлаб қўйганман. Уни ёзишга анча қийналяпман. Сабабки, юки оғирроқ.  Бошқача  тил керак, бошқача композиция керак”, дебдилар. Демак, Худо умримизни берган бўлса, бир… мазза қилар эканмиз-да!

17. “Ўзбек адабиётининг бугунги куни ҳақида нима деб ўйлайсиз?..” деган саволга бундай жавоб бўлибди: “Бугунги кунда жиддий адабиёт камроқ, шекилли. Сабаб, ёзувчилар кун кўриш, нон топишнинг устида кўпроқ ўйлаб қолган шекилли…”

XIX асрдан бир ривоят: Мурод ака, мен ва яна кўплар ҳалиям яхши кўрадиган… Гоголь, ўзидан ёш, аммо тилга тушган ёзувчилар билан учрашганида, уларга ақл бўлибди: “Ҳар қандай ёзувчига ҳам қаршиликлар бўлади. Аммо, улар ўткинчи. Шундай   пайтда бир четга чиқиб туриш керак.” “Ёзганларимиз босилмаса, тирикчилик нима бўлади?” дебди уларнинг бирови. “А, айтмоқчи, яшаш ҳам керак-а?” деган экан… Николай Васильевич.

Албатта, вазир ёки вазирларни ўтириб-турғизадиган лавозим-мартабада турган… ёзувчи қалам ҳақини… писанд қилмайди. Яъники, бу акамиз нон топиш учун ўзини еб-ютиб роман ёзиб ўтирмайди. Бисотида қоғоз билан қаламдан бўлак… аслаҳаси бўлмаган ёзувчи, албатта, нон топиш – тирикчилигини ҳалоллаб ўтказиш учун китоб ёзиши… яхши эмасми?

18. “Бугунги ўзбек ёзувчиларининг жамиятда тутган ўрни ҳақида нима дея оласиз?” деган ажойиб саволга Мурод ака бундай жавоб берибдилар: “Адабиётнинг бугунги кунда таъсири камроқ барибир. Матбуотнинг таъсири кам бўлгани каби адабиёт, санъатнинг ҳам таъсири камроқ. Бунга балки адабий муҳитнинг йўқлиги сабабдир”.

  Менимча, Ўзбекистондаги адабий муҳитни ҳис қилмоқ учун, ҳеч бўлмаганда, адабий жамоатчилик билан ҳар йили икки-уч марта учрашиб туриш керак, шекилли. Чунки, Чеховдай донишманд ёзувчи ҳам: “Агар ёзувчи доим адабий кайфиятда ва адабий муҳитда юрмаса, агар у Сулаймон пайғамбар бўлса-да, қисқа пайт ичида бетайин ва  бемаъни бир одамга айланиб қолади”, деган. Унинг бу гапига Иван Бунин гувоҳ!

  Қолган гапни эса Николай Васильевич Гогольдан эшитинг: “Адабиёт оламида ўлим йўқ. Бунда марҳумлар ҳам худди тириклар каби ишларимизга аралашиб, ўзимиз билан ёнма-ён юрадилар”. Устознинг бу гаплари Шоҳ Машраб ҳазратларининг “Бир дона эдим – минг дона бўлдим!” деган хитобларини эсингизга солмаяптими, Мурод ака?.. Масалан, мен ҳозирлар ҳам Рауф Парфини қаерга борсам, ўша ердан… топаман. Менимча, адабий кайфият ва адабий муҳит деганлари шу бўлса керак.

Мен, ҳатто, бир марта трамвайда Юсуфбек ҳожини кўриб, изидан эргашганман; ҳожи Чиғатой қабристонига ўз оёғи билан кириб кетди ва қайтиб чиқмади. Сўнг мен бу ҳақда “Фироқ” деган ҳужжатли-хаёлий ҳикоя ёзган эдим. Ўткир Раҳмат уни “Қишлоқ ҳаёти” газетасида икки бўлиб… босди.

Агар, “Адабиётнинг бугунги кунда таъсири камроқ” бўлганида… ҳозир “Тарихи Муҳаммадий” романининг бешинчи нашри, масалан, Деновда етмиш минг сўмдан сотиляпти – мухлислар кўзига суртиб… олаяпти. Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, Эркин Аъзамнинг китобларини-ку, Сурхондарёнинг битта ҳам дўконидан топиб бўлмайди – ўқувчилар талаб кетишган, “Лолазор”, ҳатто кутубхоналарда ҳам йўқ – ўқишга олиб, қайтарилмаган ё ўрнига Мирмуҳсиннинг романларидан бирини топшириб юборишган.

Шаҳрисабзлик Исмоил Фақирий жанобларининг “Баёзи Фақирий” сайланмаси 2004 йилда Тошкентдаги “Адолат” нашриётида 250 нусхада чоп этилган экан – 200 саҳифалик ана ўша ноёб китобнинг бир нусхаси бултур мени Деновдан излаб топди. Қаранг, биз китобларни эмас,       китоблар бизни… йўқлаб бораяпти. Қойилмисиз!

Ўзбекистонда адабий муҳит йўқ, дейсиз. Ахир, у… оқ тулпорнинг тизгини сизнинг қўлингизда… эди-ку, Мурод ака! Энди эса… қолаверса, агар Чеховнинг айтгани тўғри бўлса, ёзувчига адабий… кайфият ҳам керак, шекилли. Бу… матаҳ Ўрикзордаги бозорда сотилмайди. Менимча, ўша… машҳур “ГАП” ресторанида ҳам бундай буюртма қабул қилинмайди.

Эсингиздами, Мурод ака, Мартин Иден бой бўлиб кетгач, оёғининг тагида қалашиб ётган газета тахламларига қараб, ёзувчилар бу-унча мавзуни қаердан олар экан, деб ўйлайди ва ўша заҳоти ухлаб қолади.

19. “Энди, ҳозир адабиёт ҳам бозорга айланган-ку, биласиз…” деган жавоб эса айни муддао бўлипти. Чунки, катта карвон қаердан кўчса, кичик карвон ҳам ўша карвоннинг изидан юради ва бунинг айби йўқ. “Жиддий асарга талаб жуда кам”, деган жавоб… Агар шу гап тўғри бўлса ва ўзбек китобхонларининг адабий диди шу даражада паст бўлса, дўконда туриб қолган “Лолазор”нинг биргина нусхасини топиб беринг-чи!

20. Президент Девонидаги фаолиятга доир саволга Мурод ака: “Лекин, иложи борича бировга зулм ўтказмасликка ҳаракат қилдим”, дебдилар. Бунинг учун сизга… раҳмат, Мурод ака! Ўша муносабат билан Мурод ака яна бундай ҳам дептилар: “Мен қилган ишлардан биттаси, эслайман, шу Президентнинг номи, раҳбарнинг номи бўлса-бўлмаса, беҳуда тилган олинишига мен қарши бўлганман ва, назаримда, маълум маънода шунга эришганман ҳам. Кейин, албатта,  бошқача тус олди, бугунги ҳамду санолар менинг айбим эмас.”

  Ана, холос! Демак, бундан чиқди, Ислом Каримовнинг номзодини ёқлаб овоз берган сайловчиларнинг ўз Президенти билан фахрланиш ёки фахрланмаслик, Президентнинг номини тилга олиш ёки тилга олмаслик масаласини… Мурод Муҳаммад Дўст ҳал қилар экан-да, а? Тағин ул Одам “Биз ёрдамчи сифатида ишлаганмиз”, деб… камтарлик қиладир. Самимият ва ростгўйлик учун… ташаккурларимизни қабул этгайсиз, Мурод ака! Қизиқ-да, қаранг, масалан Америкадаги сайловчилар ва уларнинг болалари Ироққа ўт қўйган Бушлар билан; Ливия, Миср, Сурия сингари мамлакатларга қонли… “демократия” олиб кирган Обама билан кечаю кундуз фахрланишлари мумкин. Лекин, Ўзбекистонда Мустақилликни барқарор қилган, ҳалокат ёқасидаги мамлакатни жаҳон ҳамжамиятидаги тенг ҳуқуқли давлатга айлантиролган, энг муҳими, мамлакатнинг тинчлигини, халқнинг хотиржамлиги ва фаровонлигини таъминлаган Юртбошимиз Ислом Каримов билан бизнинг     фахрланишимиз, Президентимиз шаънига ўз ташаккурларимизни айтишимиз… яхши эмас экан. Қизиқ! Мурод аканинг: мен шунга эришдим, деган гапини эшитдингиз-ку! Тасаввур қилинг: халқ Президентини олқишласа, унинг матбуот котиби эса: “Йўқ, бундай бўлмаслиги керак!” деб турса, қизиғ-а! Демак, бу дунёда сиз билан биз билмаган гаплар кўп экан-да! Агар бировга ҳурматингиз бўлса,  муҳаббатингизни унга билдириб қўйинг, мазмунидаги муборак ҳадис мамлакатимиз истиқоматчиларига ҳам тааллуқли бўлса керак ахир!

  “Бугунги ҳамду санолар менинг айбим эмас…” эмиш. Ол-а!.. Йўқ, Мурод ака, миллатимизнинг тимсоли бўлган Президентимиз билан фахрланаётганимиз учун Сиз мутлақо айбдор эмассиз. Бизнинг овозимизни бўғишга эса… Бунинг учун қайтадан матбуот котиби ёки Давлат маслаҳатчиси лавозимини эгаллашингиз керак, шекилли. Аммо ҳозирча “Би-би-си” минбаридан айтган бу… даъватларингизга қулоқ солиш ниятимиз йўқ.

21. “Ўзбекистоннинг келажагига ишонасизми?” деган саволга (қойилмисиз… саволга?) Мурод ака “Албатта ишонаман. Одам ишонмаса яшашдан маъно қолмайди”, деб жавоб қилибдилар. Раҳмат-э!

Аммо, Ўзбекистондаги демократия ҳақида Мурод аканинг фикри бундай экан: “Демократия, демократия деб гапирилгани билан ҳақиқий демократия ҳали йўқ!” Башарти, шу… гапингиз тўғри бўлганида, Сиз ҳеч қачон бу… гапларни айтолмас эдингиз, Мурод ака!

Яна: “Сиёсатда маълум даражада реформалар, бошқалар (?) бўлаяпти. Партиялар тузиляпти. Лекин, афсуски, бир-бировига жуда ўхшайди – эгизакдай. Уларнинг бари қўғирчоқ партиялар эканини ҳамма билади ва уларга ҳеч ким ишонмайди.” Бу гапларни кечаги (ва демакки, бугунги) сиёсий арбоб… Мурод Муҳаммад Дўст айтаётганига одамнинг ҳеч бўлмаганда ишонгиси… келмайди. Чунки, сиёсатда, давлат бошқарувида бундай бўлиши мумкин… эмас! Бу – худди мактаб ўқувчиси ўз отасини муҳокама қилишидай бир… гап! Тасаввур қилинг: Олий Мажлис… Депутатлар муштлашмоқда, вазни енгилроқлари оёқ остида ерпарчин. Чунки, турли партиялардан сайланган депутатлар турлича… фикрлайдилар. Шунинг учун уларнинг мезонлари ҳам, мақсадлари ҳам турли-турли. Бу манзараларни биз деярли ҳар куни кўриб турибмиз-ку! Сизга ҳам шундай томоша керакми, Мурод ака? Ҳозирча телевизор томошаси билан қаноатланиб туришингизга тўғри келади. Чунки, мамлакатдаги тинчликка дахл қиладиган кучларнинг ҳаракатлари самарасиз якунланмоқда ва, бундан кейин ҳам, албатта, шундай бўлади! Чунки, Бобил минорасининг қурилишида ўзбеклар қатнашмаган эди.

22. “Хориждаги дўстим, мухолафатчи, деб тонгудек бўлсам, номардлик бўлади, албатта. Чунки, биз ёшликдан оғайни бўлганмиз, дўст бўлганмиз”, деган чин иқрори учун ҳам Мурод Муҳаммад Дўстга… раҳмат!

Лекин сиёсатда… “Англиянинг дўсти ҳам, душмани ҳам йўқ – унинг манфаатлари бор” (Маргарет Тетчер), деган қанотли ибора менинг кўзимга тўғрига ўхшаб кўринади.

23. Менимча, Мурод ака “Би-би-си” билан суҳбат қуриб, жуда яхши… иш қилган: илгари биз Мурод акани катта ёзувчи сифатида танир ва   қадрлар эдик. Бугун эса мен Мурод аканинг қандай… сиёсатчи ва давлат арбоби эканини… билдим – суҳбатдан мурод ҳам шу бўлган, шекилли. Яна ким билади дейсиз, дунё сир-саноатларга тўла. Тинчлик бўлсин, қолгани… бекор!

24. “Би-би-си”нинг баҳонаси билан бирозгина кўнгилғашликни авраган киши бўлдик. Аммо Мурод ака билан бизлар бораётган йўлимиздан қайтадиган ёшдан аллақачон ўтиб кетганмиз. Шунинг учун менинг эътирофларим Мурод акани ҳаволантирмагани сингари, таажубларим ҳам Мурод акани ҳайрон қолдирмайди. Ундай бўлса… Аммо орада Она-Ўзбекистон турибдики, ўйлаб қарасам, мен бирон марта онамнинг юзига тик қарамаган эканман. Онасининг айбларини оламга овоза қилиш у ёқда турсин, буни кўнгилдан кечириш ҳам… Мен бундай гуноҳнинг баёнини ёзолмайман. Чунки, мумкин эмас! (Бу кўргуликдан бизни Аллоҳнинг ўзи асрасин!)

  Ё… Ўзбекистон бизнинг Онамиз эмас… ми, Мурод ака?

Тожиддин РАЗЗОҚ

Сурхондарё

5 август, 2013 йил.

Fikr yo'q

Фикрингизни билдиринг