Президент “Ангрен—Поп” темир йўлини қуриш иқтисодий асосларини белгилаб берди

Temir-yol-koprigi-1

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш бўйича инвестициявий лойиҳанинг параметрларини тасдиқлаган. Бу ҳақда “Подробно” янгиликлар агентлиги хабар тарқатди.

Мазкур лойиҳага кўра, “Ангрен — Поп” темир йўлини қуриш “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўллари компаниясининг ўз ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

2013-2016 йилларда мазкур лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан 500 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади. Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси эса 131 миллион доллар йўналтиради.

Шу билан бир қаторда, лойиҳани амалга ошириш, чунончи, темир йўл линиясини электрлаштириш, уни сигнализация ва алоқа тизимлари билан жиҳозлаш, йўналишни ишга тушириш учун машина ва механизмлар харид қилишга имтиёзли асосда хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Президент “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компаниясига тегишли вазирликлар билан бирга, 2014 йилнинг 1 июлига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ҳукуматга тасдиқлаш учун киритишни топширди.

Экспертларнинг фикрича, “Поп — Ангрен” темир йўли Ўзбекистонда ягона темир йўли тизимини шакллантириш, “Хитой — Марказий Осиё — Европа” халқаро темир йўл транзит йўлагини яратиш ҳамда Фарғона водийсини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа Тожикистон Республикаси орқали Фарғона водийси вилоятларига олиб борадиган монопол йўлакка барҳам беради. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ушбу лойиҳани тўлиқ амалга ошириш қарийб 2 миллиард долларга айланади.