Ўзбекистонда аёлларнинг 3 фоизи мунтазам сигарет чекади

smoking-getty

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европадаги минтақавий бюроси «Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақасадаги саломатликнинг асосий кўрсаткичлари» ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, “Podrobno” янгиликлар агентлигига таяниб, Kun.uz’нинг ёзишича, энг кўп чекувчилар (59 фоиз) Россияда истиқомат қилади.

Аҳолиси энг кўп чекувчи мамлакатлар рейтингида иккинчи ўринни Грузия банд этган – ушбу мамлакатда кашандалар сони 55 фоизни ташкил этади. Кашандалар сони бўйича кучли учликни Беларусь тўлдирган – ЖССТ маълумотларига кўра, у ерда чекувчилар сони аҳолининг 50 фоизини ташкил этади.

Энг кам чекувчилар Исландия (19 фоиз), Люксембург (22 фоиз) ва Ўзбекистонда (22 фоиз) қайд этилган. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон 2012 йилнинг апрель ойида ЖССТнинг Тамакига қарши кураш бўйича Ҳадли конвенциясига 175-бўлиб қўшилган эди. Таққослаш учун, ЖССТ маълумотларига кўра, 2002 йилда Ўзбекистонда 30 фоиздан ортиқ чекувчи бор эди, уларнинг 5 фоизини аёллар ташкил этарди.

Энди эса Ўзбекистон кашандалар сони бўйича бўйича жаҳонда энг паст ўринлардан бирини эгаллаб турибди. ЖССТ ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда 3 фоиз аёллар чекади. Шунингдек, бу борадаги кўрсаткич Озарбайжон (1 фоиздан кам), Арманистон (2 фоиз), Қирғизистон (2 фоиз) ва Грузияда (3 фоиз) паст.

Аксинча, энг кўп чекувчи аёллар Австрияда (47 фоиз), Грецияда (34 фоиз) ва Францияда (32 фоиз)да истиқомат қилади.