Бруклинда “Ватандош” Ўзбек-Америка Жамияти сайли

logoВа ниҳоят шу ойнинг 29-чисида Нъю Йоркнинг Бруклин шаҳрида ўзбеклар сайли бўлиб ўтди. Маҳаллий тил билан айтганда пикник, аниқроғи бунақа катта йиғилиш ҳали Бруклинда бўлган эмас. Сайлда тахминан 600 тага яқин ватандошлар, меҳмонлар йиғилишиб яқинлари, таниш-билишлари даврасида мазмунли ва асосийси қувонарли вақт ўтказишди.

 

3

Сайл яқиндагина Бруклиндаги фаол етакчилар ташаббуси билан ташкил этилган Ватандош Ўзбек-Америка Жамияти томонидан ташкил этилди. “Ушбу сайлдан асосий мақсад юртдошларимизни бирлаштириш, ватанни соғинганлар учун оз бўлсада ватан ҳисини улаша олиш, қолаверса келажак авлодимиз бўлган болажонларни тенгдошлари билан ўйнаб кулишига шароит яратиб бериш ва албатта миллий анъана, куй-қўшиқ, ва таомларимизни соғинганларга уларни етказиб бериш эди” дейди тадбир ташкилотчилари.

1

Қизиғи шундаки, тадбир эслатиб ўтганимиздек 400 тача одамга мўлжалланган бўлсада, аммо 600 тага яқин меҳмонлар ташриф буюришди. Шунча ватандошларнинг бир жойда йиғилишганларини кўрган кўзлар қувонади албатта. Меҳмонлар нафақат Нъю Йорк, балки АҚШнинг бошқа кўплаб штатларидан ҳам ташриф буюришди. Ҳаттоки тадбир ўрталарида Кеннедй Аэропортидан тўғри шу томонга қараб келган бир гуруҳ меҳмонлар ҳам бор эди.

2

Сайлда маҳоратли раққоса Замира Салим ўзларининг “Ўзбекистон Гуллари” деб номланган рақс дасталари билан турли туман миллий ва замонавий чиқишлар билан барчани мамнун этдилар. Даврани сухандонлар Сиддиқ Санаев, Дилшод Зокиров ҳамда Фароғат Эшбековалар ажойиб тарзда очиб беришди. Сайл ватанимиз мадҳияси янграгандан сўнг эса расман очиқ деб эълон қилинди. Даврани кўтаринки кайфиятда бошлаб олишган меҳмонлар ва уларнинг болажонлари орасида эса арқон тортиш, воллейбол, футбол, ва бадминтон каби ўйинлар авжга олди.

4

Самарқандлик меҳмонларимиздан бири бу ҳақида шундай дейди: “Ҳозир айниқса Бруклиннинг ҳар чеккасида ўзбекча, миллий ошхоналарни учратиш мумкин, шунинг учун бизга миллий таомлардан ҳам кўра ўз юртдошларимиз даврасида вақт ўтказиш, улар билан дийдорлашиш, суҳбатлашиш, қолаверса фарзандларимизни ўзбек тенгдошлари орасида хурсанд кўриш муҳимроқ, қизиқарлироқ эди”.

6

Дарҳақиқат, ушбу кун барчамиз учун унутилмас тадбир бўлиб қолди. Кимдандир раҳмат, кимдандир таклиф, яна кимдандир эса тавсия олганимиздан, юртдошларимизнинг бир бирига бўлган қизиқиши, қайғуриши ва талабчанлигига амин бўлдик. Кўпчиликнинг тили билан айтганда шу каби йиғилишлар, сайллар кўпроқ бўлса барчамиз учун ҳар томонлама жуда фойдали бўлар эди. Ушбу сайл ташкилотчилари, жонкуярларига меҳмонлар ўз миннатдорчиликларини билдиришди.