Кун мавзуси: тилни бузганга ким ҳуштак чалади?

122184_original

Маълумки, 21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун. Ушбу сана муносабати билан оммавий ахборот воситаларида турли мақола ва материаллар берилмоқда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

“Кўчада кетаётиб симёғочдаги шундай ғалати эълонга кўзим тушди: «Эр сотилади». Аслида, эълон сотилаётган ер ҳақида. Аммо битта ҳарфдаги хатолик бу матнни бутунлай бошқа маънога бурган”, деб ёзади «Оила даврасида» газетаси мухбири Умиджон Ёқубов.

Муаллифга кўра, шундай пайтларда тил, дил, эл тушунчалари нафақат оҳангдош, балки мазмунан уйғун, руҳан бутун экани ёдга келади. Зеро, тили ва дилини муқаддас билиб, унга суянган эл ҳамиша ўзлигини сақлайди.

Она тили — миллат руҳи эканини наинки кўҳна тарих, балки бугунги мураккаб глобаллашув даври ҳам керагича исботлаб бермоқда.

Ҳамон бепарвомиз, нега?

 Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг собиқ тузум даврида халқимиз кечирган мураккаб ва аянчли ҳаёт ҳикоя қилинган «Икки эшик ораси» романида қизиқ эпизод бор: бозордан «галланска» сигир олиб келишиб, соғишолмайди. «Хўш-хўш» ашуласи-ю «говмишим» деб эркалашлар наф бермагач, сигирга русча гапириб кўришади. Натижада, жонивор «иди чўрт» ашуласига ийиб, сут беради.

Балки ёзувчи андак ошириб юборган дерсиз, бироқ ўша давр ҳукмрон мафкураси туфайли она тилимизга жабр-зулм ўтказилгани — бор гап. Ўзбек тилининг кенг имкониятлари ва жозибасини намоён этган асарлар тақиқлангани, бутун бошли ҳудудларимиз халқимиз тарихи ва қадриятларига мутлақо алоқаси бўлмаган шахслар номига ёки худди номаълум аскарни рақамлагандай «1-колхоз», «2-совхоз», «Ц–4», «Ц–5» каби аталгани — ҳақиқат.

«Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганига, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига, мана, йигирма тўрт йил бўлди. Шу даврда мамлакатимизда она тилимизни тиклаш, давлат тили сифатида ҳаётимиздаги ўрни, аҳамияти ва таъсирини кучайтириш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу борадаги энг катта муаммо — ўзбек тилига айрим ҳамюртларимизнинг бепарволиги, беэътиборлигидир.

Келаси 10 йил ичида дунёда мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми унутилиб кетиши мумкин экан.

Ҳозир дунё тилларидан фақат 40 таси оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммалдир. Улар орасида ўзбек тили ҳам бор.

Дунёдаги луғат жиҳатдан энг бой тиллар — араб тилида 3,5 миллиондан, инглиз тилида 2,5 миллиондан зиёд сўз бор. Энг қашшоқ тил Гвинеядаги Таки қабиласининг тили — атиги 340 сўзга эга.

Масалан, яқинда кўчада такси тўхтатиб, «Буюк ипак йўли»га десам, ҳайдовчи «Максим Горкий»гами?», деб сўради. Ҳали ҳам оғзаки тилимизда «Тошкент универмаги» эмас — «Цум», «Талабалар шаҳарчаси» ўрнига — «ВУЗгородок», «Тошкент вокзали»ни «Северный» дейиш одат тусида.

 «Жумонг» — ўзбек   фарзанди

 «Қўрғошин» фильмида бир эпизод бор: Рим Марлен ёқтириб қолган қизи Ольгага ўз исми сиёсий маъно билдиришини қўлбола ғурур билан сўзлайди: «Рим — революция и мир, Марлен — Маркс, Ленин дегани». Ольга эса кесатади: «Яхши ҳам Дазд­рапервая («До здрас­т­вует первое мая» — Сталин маърузасининг номи) эмас».

Исм — одам тақдирини башорат қилувчи илоҳий неъмат, инсонга кимлигини, қайси миллатга мансублигини эслатиб турадиган миллий ифтихор. Бироқ буни барча ҳам бирдай ҳис қиляптими?

«Мэлс», «Клара», «Тельман» — собиқ мустабид тузум даврида халқимиз бошдан кечирган миллий фожиа­нинг бир кўриниши эди. Бу иллат, афсуски, ХХI асрга ҳам мерос бўлиб ўтди. Айтайлик, Гулираъно, Гулшода, Гулбаҳор кабиларни қисқартириб ёппасига «Гуля», Камолид­дину­ Козимни — «Коля», Тўлқину Турсунбойни — «Толик» деб аташ — шуни замонавийлик, қандайдир маданият деб билиш халқимиз қадриятларига ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас. Кейинги вақтларда Жасмин исми ҳам «мода» бўла бошлади. Ваҳоланки, ёсуман — миллий фольклоримизда ёвузлик, жодугарлик тимсоли.

Айрим ёш ота-оналар оқибатини ўйламай, фарзандига хориж сериалларидаги қаҳрамонлар, ўарб шоу-бизнеси хонандалари исмини қўяётганига нима дейиш мумкин?!

— Ўтган йили қишлоғимизда бир йигит биринчи фарзандини Жумонг атамоқчи бўлди, — дейди қумқўр­ғонлик Хайрулло Бобонов. — Қариндош-уруғ ва дўстларининг қаршилиги, айримларнинг масхарасига қарамай, гувоҳномага Жумонг деб ёздириб келди. Оқибат, ота-онаси билан ўртасида совуқчилик тушди, оиласидан жанжал аримай қолди, чақалоқ ҳам тез-тез касал бўла бошлади. Охири болага ўзбекча исм қўйишди-ю, барчаси изига тушди.

Сўз — шифо, сўз  — бало

 Бугун таржима ғализликларига бот-бот дуч келяпмиз. Масалан, жамоат транспортларида «аварийный молоток» — «ҳалокат болғаси» деб таржима қилинган. Шуни «ҳалокат вақтида кўмакчи болға», дейиш ҳам мумкин. Ёки ўн бир метрлик жарима нуқтасидан тепилган тўп гол бўлмаган ҳолат бугун ҳам «амалга оширилмаган пенальте» тарзида қўлланмоқда. Бу эса ҳар қандай зиё­ли инсоннинг ғазабини қўзғайди.

— Куни кеча дўконга кириб чанқовбосди ичимлик олмоқчи бўлиб, идишида «Илтимос, ифлос қилманг», деган антиқа «ўгит» ўқиб, дилим оғриди, — дейди тошкентлик Шоира Абдумажидова. — Бундай мантиқсизлик тадбиркорга қанчалар фойда ё зарар келтиришини билмадиму, бироқ ўзини ҳурмат қилган истеъмолчига оғир ботиши аниқ. Чунки биргина сўз одамга бало келтириши ё шифо бағишлаши мумкин.

Она тилимизни асраш ва ривожлантириш кундалик ҳаётимиздан бошланади. Айтайлик, бугун энг оммавий мулоқот усулларидан бири — электрон хабар ёзиш. Аммо шуни ҳам саводсизлик ё эътиборсизлик сабаб ғиж-ғиж имловий хато билан ёзадиганлар кўп. Ҳатто, «ш» — «w»га, «билан» — «&»га, «ч» — «4»га айланмоқда. Ҳолбуки, ҳар бир имловий тўғри ёзилган сўз  одамнинг саводини, ўз тилига ҳурматини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Атоқли адибларимиздан Абдулла Қаҳҳор «Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тилни бузганга ҳеч ким индамайди?!», деган эди. Бу ҳуштакни кимдир чалиши шарт эмас. Бу ҳар биримизнинг қалбимиз ва виждонимизнинг огоҳлик қўнғироғи бўлиши лозим.