Бюджет инқирози демократлар учун қулай имкониятдир

Barack Obama, John Boehner

Экспертлар фикрича, демократлар АҚШдаги бюджет инқирози туфайли Конгрессга бўлиб ўтадиган сайловларда ўз ўринларини кўпайтириб олиши мумкин. Республикачилар кўпчилик учун муҳим масалага тўсқинлик қилиш орқали ўзларини ноқулай аҳволга солиб қўйишмоқда. Шунга қарамасдан, республикачилар ҳукумат фаолияти учун бюджет маблағи ажратиш ва мамлакат қарзи лимитини оширишда Оқ уйга таъсир кўрсатишни ният қилган.

АҚШ федерал ҳукумати иши тўхтатилгани эълон қилинганидан бир ҳафта ўтиб, Конгресс қуйи палатаси (Вакиллар палатасида республикачилар кўпчилик ўринга эга) рейтинги кескин тушиб кетди. Сўровларга кўра, бугунги кунда Конгресс фаолиятини 10 фоиз америкаликлар қўллаб-қувватламоқда. Айнан шу ҳолат ҳам Обама тарафдорларининг Конгрессдаги вазиятни ўз фойдасига ўзгартиришлари учун айни муддаодир.

Public Policy Polling тадқиқот маркази маълумотларига кўра, бўлажак сайловларда республикачилар 24 та округда мағлубиятга учрашлари мумкин. Республикачилар ўзларига яқин бўлган Огайо, Флорида ва Айова штатларида ҳам сайловчилар қўллаь-қувватловидан маҳрум бўлиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Бу рўйхатда Нью-Йорк ва Калифорния ҳам бор. Демократлар қуйи палатада кўпчилик овозни олишлари учун уларга бор-йўғи 17 та ўринни қўлга киритиши етарли ҳисобланади.

Аксарият америкаликлар бюджет инқирози ва федерал ҳукумат фаолияти тўхтатилишида республикачиларни айбдор, деб ўйлашади.

Эътиборли жиҳати, мамлакат бюджети атрофидаги баҳслар “кекса партия”нинг ичида ҳам турли қарама-қаршиликларни келтириб чиқарди. Республикачи-конгрессмен Питер Кингнинг қайд этишича, партиянинг консерватив “Чойхўрлар” қаноти Вакиллар палатасига сайланганидан сўнг қонун ижодкорларини “камикадзе” тактикасига мубтало қилишди.

“Яқинда сайланган конгрессменлар томонидан Оқ уйга қарата айтилаётган айбловлар вазиятни боши берк кўчага киритиб юборди”, деди у Fox News телеканалига берган интервьюсида.

Оқ уй маъмурияти ҳам бундай баёнотларга қарши янада қатъий муносабат билдирмоқда, ҳеч ким муросага боришни истамаяпти. Одамлар эса ишсиз қолишда давом этмоқда.

Социологларнинг пессимистик прогнозларига қарамасдан Конгрессдаги “Чойхўрлар” ҳаракати бўйин эгиш ниятида эмас.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, давлат қарзи лимитини ошириш бўйича овоз бериш 17 октябрга қадар ўтказилиши керак. Ўтган дам олиш куни Конгресс спикери Жон Байнер Америкада дефольтга йўл қўя олмаслигини айтиб ўтди. У бу позицияни конгрессменларга етказишини маълум қилди.

Республикачиларнинг консерватив қаноти Байнер бундай ваъда бериш керакмаслигини уқтиришмоқда. “1978 йилдан бери биз 58 марта давлат қарзи лимитини оширганмиз, бунда Конгресс ҳар доим мамлакатни бошқаришда тартиб ўрнатишни ҳамда харажатларни қисқартиришни талаб қилиб келади. Аммо ҳукумат ҳеч қачон бу талабларни бажармайди”, деди Тед Круз.

Республикачилар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни кўзда тутадиган қонунлар амалга оширилишини орқага суришни, давлат бюджети харажатлари қисқартирилишини талаб қилмоқда. Шу билан бирга, улар Барак Обама маъмурияти янги солиқлар жорий қилмасликни сўрашмоқда.

Оқ уй республикачиларнинг талабини “амалга ошириб бўлмайди” деб ҳисобламоқда. “Мамлакатга молиявий ҳалокат хавф солиб турганда мантиқсиз ва хатарли талабларни муҳокама қила олмаймиз”, деди АҚШ молия вазири Жейкоб Лью.