“Ўзбекистон темир йўллари” сукут сақламоқда

Бугун хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида Тожикистон ҳарбийларини олиб кетаётган йўловчи поезд ўз рельсидан чиқиб кетган. Натижада 30 дан ортиқ киши тан жароҳати олган.

“Подробно” янгиликлар агентлигининг Тожикистон интернет манбаларига таяниб хабар беришича, “Тожикистон темир йўллари” вакилларига йўловчи поездининг техник ҳолати қониқарли даражада бўлганини, содир бўлган воқеага Ўзбекистон темир йўл инфратузилмаси ҳолати сабаб бўлгани бўлиши мумкинлигини айтишган.

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат темир йўллари акциядорлик компанияси ушбу вазият бўйича ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ. Тожикистонлик йўловчиларни ўз манзилига етказиш бўйича Ўзбекистон тарафидан тегишли поездлар ажратилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

“Ўзбекистон темир йўллари” кассалари вакилларининг “Подробно” янгиликлар агентлигига маълум қилишича, темир йўл линияси зиён кўрмаган, ушбу ҳудуд орқали ўтадиган поезд ва йўналишлар жадвал бўйича ўз ҳаракатларини амалга оширмоқда.