Хитойда Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилади

alisher-navoiy

Тошкент шаҳар делегацияси Хитойнинг Шанхай шаҳрига амалий ташриф билан борди. Ўзбекистон вакиллари ташрифи доирасида Шанхай университети ҳовлисида мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкалига тамал тоши қўйилди. Бу ҳақда “Подробно” янгиликлар агентлиги хабар тарқатди.

Шанхай университети ректори ёрдамчиси, ШҲТ жамоатчилик дипломатияси илмий-тадқиқот институти директори Ли Вэй ушбу таълим муассаси ҳудудида буюк ўзбек шоири ва давлат арбоби хотираси абадийлаштирилаётганидан мамнун эканлигини маълум қилди.

— Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилиши икки мамлакат халқлари ўртасидаги кўпасрлик маданий-гуманитар ва дўстлик алоқаларининг тимсолига айланади, — деди у. — Шуни қайд этмоқчиманки, университетимизда Ўзбекистон билан таълим соҳасида тажриба алмашиш ҳамда тадқиқотлар бўйича махсус марказ очилган. Қолаверса, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент давлат шарқшунослик институти билан ўзаро англашув меморандуми имзоланган.