Китоб савдоси муаммосини ечиш учун китоб сифатини ва савиясини яхшилаш керак

7-10

Хабарингиз бор, бугун адабиёт соҳасида Нобель мукофоти 82 яшар канадалик ёзувчи, ўз ҳикоялари билан миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олган Элис Мунрога насиб қилди. У ёзувчилик фаолиятини бошлашидан аввал китоб магазини очганлиги айтилади. Ана шу магазин унинг ёзувчилик фаолиятини, қиррасини очганлигини айтилади.

Хўш, бугун Ўзбекистонда китоб савдоси қай аҳволда? Ноширлар ушбу тармоқнинг аҳволини қандай кўришмоқда? Яқинда “Китоб дунёси” газетаси ана шу савол билан бир қатор нашриётлар раҳбарлари ва вакилларига мурожаат қилди.

Нурислом ТЎХЛИЕВ,

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий

нашриёти директори:

—   Китоб савдосида “ўртакашлар” кўпайиб кетди. Бу мени жуда ташвишлантиради. Ахир китобни ёзган муаллиф бўлса, уни тайёрлаган нашриёт бўлса-ю, “роҳати”ни ўроқда йўқ, машоқда йўқ “ўртакашлар”кўрса?! Баъзида биздан олиб кетган китобларга 40-50 фоизгача устама қў­йиш­япти. Бугунги кунда биз маҳсулотларимизни ишончимизни қозонган, инсоф билан иш тутадиган ҳамкорларга беряпмиз. Шундай ҳамкорлар сафи тобора кенгайиб боряпти. Электрон-магазини тўғрисида унча-бунча гаплар бўляпти. Бу борада айрим ишларни ҳам амалга оширяпмиз. Лекин, афсуски бизда бу иш ҳали ибтидо ҳолатида. Китоб реализация қилиш инфратузилмаси шакллантирилиши лозим. Акс ҳолда, биз чекка жойларга, ҳар бир китобхонга етиб бора олмаймиз. Тошкентда туриб жойлардаги китобхонларнинг истак ва талабларини тўлиқ ҳисобга ололмаймиз.

Аҳрор АҲМЕДОВ,

“Шарқ” НМАК Бош муҳаррири:

—   Тўғриси бу борада гапиргим йўқ. Чунки ке­йинги йилларда бизда китоб савдоси тизим сифатида ишламаётгани, бу иш эътибордан четдан қолаётгани, битта “Шарқ Зиёкори”нинг қўлидан ҳам кўп иш келмаслиги, ҳали ҳам бутун бошли айрим туманларда бирорта ҳам китоб савдо шахобчаси йўқлиги ва ҳоказо масалалар ҳақида муттасил гапириб келдим. Матбуотда – газета-журналда, телевизор, радиода, учрашувларда ҳам ўрни келганда айтаман. Ҳатто уйимдагилар баъзан “бундан бошқа гапингиз йўқми?”, деб мен чиқсам телевизорни ўчириб қўйишадиган бўлишди. Шунинг учун ортиқча гапириб ўтирмайин, гап эса битта – китоб ўқиш бу бўш вақтни “ўлдириш”, ё кўнгилхушлик эмас, у жамиятнинг умумий савиясини кўтарадиган, демак, тараққиётга, ривожланишга хизмат қиладиган муҳим омил. Урушда енгилган Германия ёки бомбардимон бўлган Японлар ниманинг ҳисобидан юксалиб кетди. Илмдан, маърифатдан, демак китобдан. Мен Хитой тараққиётини ўзимча одами кўплигидан, тирикчилик ташвишидан деб юрардим. Йўқ, ундан эмас экан, қўлимда расмий маълумот турибди, Хитой китобхонлик борасида ҳозир дунёда биринчи ўринда экан. Бундан 2-3 йил бурун Фукусимадаги зилзила эсингиздами? Сув тошқини, портлаш оқибатида деярли бутун бошли шаҳар теп-текис бўлиб кетган. Жабрдийдаларни шу яқин атрофдаги, талофатдан холироқ манзилга жойлаштиришмоқда. Ҳамма ёқ ур-йиқит. Лекин телелавҳанинг ниҳоясида бир четда усти-боши абгор бўлиб кетган ёш йигит дунё ташвишларидан узилиб китоб ўқиб ўтирганини кўрсатишганди…

Ноширлик, китобхонлик, ўқувчининг китобга, умуман мутолаага бўлган чан­қоқлиги, эҳтиёжи нималарда кучайиши, мутолаанинг инсоннинг руҳияти, маънавиятига таъсири каби жуда кўплаб муҳим жиҳатлар борки, бу алоҳида сўз юритишга арзигулик масала.

Илҳом ЗОЙИРОВ,

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа

ижодий уйи вакили:

—   Китоб инсоннинг беминнат дўсти. Шундай экан, уни китобхон билан учраштириш, юзлаштириш энг савобли ва хайрли ишдир. Китобни китобхон билан учраштириш, тўғрироғи, китобни ўқувчиларга етказиб бериш бугунги кунда катта аҳамият касб этиш билан бирга муаммоли ҳамдир. Бу муаммони ечиш мақсадида нафақат нашриётлар, балки Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги миқёсида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Агентлик тизимидаги “Китоб савдоси” ташкилоти деярли барча вилоят ва туман марказларида ўзининг савдо дўконларини очмоқда ва сезиларли муваффақиятларга эришмоқда. Лекин нашриётлар ҳам қараб тургани йўқ. Ўзларининг ҳаракатлари самараси ўлароқ, китоб савдоси соҳасида бир неча йўналишларда изланишлар олиб боришмоқда.

Масалан, бизнинг ижодий уйимиз вилоятлардаги китоб савдоси билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар, қолаверса, хусусий тадбиркорлар билан алоқани йўлга қўйган. Маркетинг бўлимимиз мунтазам равишда бозорни ўрганиб, харидоргир китоб­лар ҳақидаги талаб-таклифларни таҳририятга етказиб туради ва таҳририят ушбу талаб-таклифлар асосида йиллик, чораклик, ойлик мавзу режаларини шакллантиради. Китоб дўконлари билан тўғридан-тўғри қилинаётган ҳамкорлик эса китоб савдосидаги муаммоларни ечишда асосий омил бўлиб келмоқда.

Ҳар бир корхона ўз муаммо­сини ўзи ечиши, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини элга манзур қила олиши лозим. Бу борада реклама энг қулай воситадир. Шунингдек, турли китоб-ярмаркалари, китоб байрамларида иштирок этиш ҳам китобни китобхон билан учраштиришга замин яратади.

Энг қисқа ҳикмат: китоб савдоси муаммосини ечиш учун китоб сифатини ва савиясини яхшилаш керак!

Лаълихон ИГАМОВА,

“Ўзбекистон” НМИУ етакчи муҳаррири:

—   Китоб савдоси билан шуғулланувчи муассасалар ва нашриётларнинг ҳамкорлиги жуда муҳим ҳисобланади. Авваламбор, нашриётлар ўзида чоп этилаётган китобларни оммага тақдим этишда оммавий ахборот воситалари, интернетдан кенг фойдаланиши зарур, яъни кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориши керак. Китоб савдоси билан шуғулланувчи муассасалар нашриётлар билан бевосита ҳамкорликда иш олиб бориб, нашр­дан чиққан, келажакда чоп этиш мўлжалланган китоблар ҳақида ҳар ҳафта, ҳар ойда маълумотлар олиб туриши, китобларни республика бўйича тарқалишига ва китобхонлар қўлларига етиб боришларига ўзлари масъул бўлиши керак. Нашриётлар ҳам, китоб савдоси билан шуғулланувчи муассасалар ҳам аҳоли ўртасида: “Қандай китобни ўқишни истайсиз? Қайси мавзулардаги китоблар сизни кўпроқ қизиқтиради? Фарзандингиз қандай китоб ўқишини хоҳлардингиз? Чоп этилган китобларга муносабатингиз қандай?” қабилидаги анкета саволлари билан мурожаат қилиб туриши керак, деб ҳисоблаймиз. Бизда китоб савдоси қониқарли аҳволда, деб бўлмайди.