Брунейда шариат қоидалари асосида жазо тизими жорий қилинади

1604069_20131022162102

Бруней султони Ҳассанал Болкиах мамлакат ҳудудида босқичма-босқич шариат нормалари жорий қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатди. Унга кўра, янги жазо чоралари келаси йилнинг апрель ойидан кучга киради ва у бир ярим йил давомида амалга татбиқ этилади.

Шариат нормалари асосида жазолаш оилавий ҳаётга хиёнат қилгани учун ўлгунча тошбўрон қилиш, ўғирлик қилгани учун қўл ва оёқларини чопиш, аборт қилдиргани ҳамда алкоголь истеъмол қилиш сингари жиноятлар учун қамчи билан савалаш кўзда тутилмоқда. Янги жазо турлари фақат мусулмонларга нисбатан жорий қилинади. Бангкок постнинг ёзишича, Бруней аҳолисининг 70 фоизини мусулмонлар ташкил қилади.

Бруней султони шариат нормалари асосида жазо тизимини жорий этишни 1996 йилда таклиф қилган бўлиб, уни амалга оширишга энди киришилди. “Оллоҳ бизга ёрдам берар экан, ўз карами кенглигидан келиб чиқиб адолатни қарор топтириш учун бизга қонунларни берди”, деди Бруней султони. Унинг айтишича, ҳатто инвесторлар хоҳлаган тақдирда ҳам ҳукумат сиёсатининг асосий йўналиши ўзгармайди.

Брунейда давлат бошлиғи ва ҳукумат раҳбари султон ҳисобланади. У айни пайтда мамлакатнинг диний раҳнамоси саналади. Мамлакатда дунёвий ва диний суд амал қилади, шу пайтгача диний судлар фақат оилавий масалаларга аралашар эди.