Сиёсий келишув: ҳарбий базага 49 йил, мигрантларга 3 йил муддат берилди

e3014d463f3599d465211662e98aaa14

Россия ва Тожикистон миграция хизматлари Тожикистон фуқароларига Россияда 3 йил ишлаш ҳуқуқини беришга оид шартнома устида иш олиб бормоқда. “ИТАР-ТАСС”нинг хабар беришича, бу ҳақда Россия Давлат Думаси Спикери Сергей Наришкин Душанбедаги Россия-Тожикистон славян университетида қилган нутқида айтиб ўтган.

МДҲ давлатлари фуқароларига Россияда ишлаш ҳуқуқига бир йилга тақдим қилинади.

Наришкиннинг фикрича, Тожикистондан келаётган меҳнат миграцияси муаммоси ҳозирги кунда етарли даражада жиддий тус олган.

Наришкинга Тожикистонда расмий ташрифи доирасида Россия Федерал миграция хизмати директори Константин Ромодановский ҳамроҳлик қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда Россияда 11 миллион мигрант бўлиб, сўнгги уч йилда 3,5 миллион киши қонуний ишлаш мақомини олган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Россия ҳукуматининг тожикистонлик мигрантларга нисбатан бундай имтиёзга бориши бежиз эмас. Гап шундаки, Тожикистон ҳудудида Россиянинг 201-дивизияси жойлашган бўлиб, Эмомали Раҳмон унинг мамлакат ҳудудида бўлиб туриш муддатини узайтирмасликка уринаётган эди.

Аммо шу йилнинг 8 февраль куни Эмомали Раҳмон ва Владимир Путиннинг Москвадаги учрашуви чоғида 201-дивизиянинг муддатини узайтириш бўйича шартнома имзоланади. Орадан уч ой ўтиб Россия парламенти ушбу ҳужжатни ратификация қилган бўлса-да, Тожикистон ушбу жараённи орқага суриб келаётган эди.

Тожикистон парламенти уни ратификация қилиши учун “бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар” тайёрланиши кераклиги айтилаётган эди. Аммо сентябрь ойида кутилмаганда ушбу ҳужжат ратификация учун Тожикистон парламентига киритилди. Бу Россиянинг тожикистонлик мигрантлар учун истисно тариқасида янги имтиёзларни жорий қилишга розилик билдиргани билан бевосита боғлиқдир.

1362565844_29653300

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Тожикистон фуқаролари 2013 йилда ўз мамлакатига 4,1 миллиард доллар миқдорида маблағ  юбориши кутилмоқда. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 48 фоизини ташкил қилади.

Шу боис ҳам Тожикистон расмийлари Россия учун 201-дивизия муддатини узайтириш чоғида ҳақли равишда мигрантлар учун талабни илгари сурган. Бир сўз билан айтганда, Тожикистон ҳарбий база бўйича Россиянинг интилишини ўз мақсадлари йўлида ишлата олди.