Ўзбекистонда мустақил телеканаллар намойиши тўхтатилиши юзасидан дастлабки расмий баёнот берилди

    1(129)

    “TVM” телеканали Ўзбекистон ҳудудида намойиши тўхтатилгани муносабати билан расмий баёнот берди. “TVM” телеканали телекўрсатувлари янги форматга ўтиши муносабати билан 2013 йил 21 октябрдан ўз эфир намойишини вақтинча тўхтатди”, дейилади телеканал баёнотида.

    Баёнотда келтирилишича, янги формат телеканалга ўз тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичига ўтишга, янги телекўрсатувларни самарали яратишга ҳамда телевидениенинг энг юқори  стандартларига жавоб беришга имконият беради.

    “Барча кўрсатувлар ва лойиҳалар намойиш этишда, “TVM” телеканали ходимлари эса штат режимида ишлашда давом этади. Каналнинг 8 йилдан ортиқ беками кўст фаолиятидан келиб чиқиб шуни айтамизки, телетомошабинлар ишонишсин — “TVM” телеканали жамоаси истиқболда ҳам ўз лойиҳалари ва янги ғоялари билан қувонтиришда давом этади”, дейилади баёнотда.

    “TVM” телеканали билан бир қаторда, «СофТС», NTT ва Forum-TV телеканаллари 21 октябрь куни эфирга чиқмай қолган.

    Kun.Uz’нинг Forum-TV телеканали ходимига таяниб ёзишича, телеканалда «навбатдан ташқари профилактика ишлари» олиб борилган. Сайтнинг Sayyod.Uz маълумотларига таяниб ёзишича, телеканалларнинг ўчиб қолишига – уларнинг барчаси битта ретранслятор орқали эфирга чиққани, ушбу қурилмада эса профилактика ишлари олиб борилаётгани сабаб бўлган.