Россияда оммавий тартибсизликларга сабаб бўлган Егор Шербаковнинг котили қўлга олинган

lifenews.ru
lifenews.ru

Россия Ички ишлар вазирлиги тезкор-қидирув хизмати Москванинг Бирюлево туманидаги кўчалардан бирида Россия фуқароси Егор Шербаковни ўлдирганликда гумон қилинаётган Орхан Зейналов ҳибсга олинган. У Москва вилоятида қўлга олинган. Бу ҳақда “РИА Новости” ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб, хабар тарқатди.

Жорий йил 10 октябрь куни Бирюлево туманида 25 яшар Егор Шербаковни ўлдириб кетишди. У ўз севгилисини уйга кузатаётган эди. Кутилмаганда нотаниш йигит унинг қизига тегажоғлик қила бошлайди, ўртада можаро юзага келади. Оқибатда нотаниш шахс Шербаковни пичоқлайди ва кўздан ғойиб бўлади. Қиз нотаниш шахсни “кавказлик”ка ўхшатади ва полицияга маълумот беради.

Орадан бир кун ўтиб Бирюлевода митинг бўлиб ўтади, маҳаллий аҳоли туман полиция бўлими олдида ҳозир бўлиб, қотилни зудлик билан топиш, миграция қонунчилигини кучайтириш, шу атрофда жойлашган ҳамда асосан мигрантлар ишлайдиган сабзавот бозорини ёпишни талаб қилишади. Оқшом миллатчилар туманда қоравулликни ўз қўлига олишади, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан келишмовчилик келиб чиқади.