Ҳисоб палатаси ва Назорат-тафтиш бош бошқармаси бюджет харажатлари билан қизиқди

49fd2ef8061136bc194cc3a536814585

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси 2013 йилнинг тўққиз ойида республика ҳамда маҳаллий бюджетлардан маблағ билан таъминланадиган бир юз етмишдан ортиқ объектни биргаликда режали текширувдан ўтказди. Бу ҳақда мазкур органларнинг қўшма ахбороти Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинди.

Хусусан, ўн тўртта олимпия захиралари коллежида ўтказилган текширувлар натижасида харид қилинадиган истеъмол товарлари нархи ошириб кўрсатилгани, иш ҳақи асоссиз тўлангани ва бошқа молиявий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. “Ўн тўртта олимпия захиралари коллежида ўтказилган жами текширувлар бўйича давлат бюджетига 2,2 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланди ва бугунги кунда етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундирилди”, дейилади расмий ахборотда.

Наманган ва Сурхондарё вилоятлари маҳаллий бюджети ижроси бўйича ўтказилган назорат-таҳлил ишлари натижаларига кўра, қиймати 0,9 миллиард сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар қўшимча ҳисобланган.

Бундан ташқари, ушбу вилоятларда амалга оширилган назорат-таҳлил ишлари натижасида ижтимоий объектлар қуришда 514 миллион сўм, инфратузилма объектларини барпо этишда 669,0 миллион сўм ва қурилишда 3,3 миллиард сўм ноқонуний ўзлаштирилган ҳолатлар аниқланди.

Ўқув муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи ўрганилганда эса 227 нафар ўқитувчи сохта диплом асосида ишлаётгани, 117 нафар ўқитувчи ўз ихтисослиги бўйича ўқитмаётгани аниқ бўлди.

Наманган вилоятининг Поп ва Косонсой туманларидаги таълим муассасаларида сохта диплом асосида ишлаётган 105 нафар ўқитувчига 963,1 миллион сўм, Сурхондарё вилоятида 25 нафар ўқитувчига 300,7 миллион сўм иш ҳақи тўланган. Томди туманидаги 21-мактаб-интернатда сохта диплом асосида ишлаган бошланғич синф ўқитувчиси Т.Елмуротовага кейинги икки йил давомида 13,0 миллион сўм, рус тили ўқитувчиси Л.Бозоровага 12,1 миллион сўм тўланган.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимини текшириш давомида қурилиш ишлари ҳажми, шунингдек, материаллар ва ишлатилган электр энергияси нархи ошириб кўрсатилгани маълум бўлди.

Мисол учун, “Фарғона шаҳридаги Марғилонсой каналини реконструкция қилиш” объектида бир квадрат метр металл тўсиқ нархи 28,4 минг сўмга асоссиз равишда ошириб кўрсатилгани оқибатида объектнинг бошланғич қиймати 527,5 миллион сўмга кўпайган. Тошкент шаҳридаги Анҳор каналини реконструкция қилишда нархлар оширилиши натижасида “Паркентсувқурилиш” очиқ акциядорлик жамияти пудрат ташкилоти томонидан 77,2 миллион сўм ортиқча олинган.

Бугунги кунда қонунбузарлардан 1,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.

Бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ва уларни ўзлаштириш билан боғлиқ аниқланган барча ҳолатлар бўйича текширув материаллари қонунчиликка мувофиқ чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

“Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган корхона, ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда молия ходимлари бюджет маблағларидан нотўғри ва мақсадсиз фойдаланилган ҳар бир ҳолат учун қонунга мувофиқ жавоб беришга тўғри келишини эсдан чиқармаслиги даркор”, дейилади Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси қўшма ахборотида