Фароғат Зокирова: “Миллий қадриятларимиз ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ижобий ёрдам беришига ишонч ҳосил қилдик”

photo 1

Хабар берганимиздек, кеча Нью-Йоркда АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлар конгресси, Хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамиятининг Ўзбекистон — Америка бўлими, Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамда “The Bukharian Times” газетаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қуришда замонавий маҳалланинг ролига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда “Vatandosh” жамияти бошқарув кенгаши аъзолари Норхўжа Садиков ва Фароғат Зокирова иштирок этиб, жамият томонидан қилинаётган ишлар, Нью-Йоркдаги ўзбеклар жамоаси фаолиятида ҳақида сўзлаб беришди. Қуйида ушбу нуқтни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ватанимиз Ўзбекистон мустақиллигининг муваффаққиятли неъматларидан бири бу дунёнинг турли мамлакатлари билан ҳар томонлама муносабатлар ўрнатишида бўлди. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари билан ҳам кучли алоқалар йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистондан таълим олиш, ишлаш, тажриба алмашиш мақсадида АҚШга ташриф буюраётганлар сони тобора ортмоқда.

Ўзбекистондан келиб шу ерда истиқомат қилаётган оилалар янги муҳитга кўникиши давомида бир қанча муаммоларга дуч келиши тайин. Қуйида мазкур муаммолар ва ушбу муаммоларни бартараф этишда қўл келадиган айрим масалаларни бир нечта босқичга бўлган ҳолда санаб ўтмоқчиман:

1.      Янги муҳитга ўрганишдаги қийинчиликлар

Бошқа давлатга кўчиб келган оила албатта янги жойдаги муҳитга ўрганишда турли қийинчиликларга учрайди. Бунинг сабаби ўзбекча қараш, минталитет америкаликларникига қараганда тубдан фарқ қилишидадир. Янги ҳудуднинг тили, қонун-қоидалари, маданиятини билмаслик, хоҳлаймизми-йўқми, бу янги муҳитга мослашув жараёнини мураккаблаштиради.

2.      Фарзанд тарбиясига эътиборсизлик

Ҳозирда Ўзбекистондан АҚШга келиб яшаётган оилалар орасида кўпинча фарзанд тарбиясига эътиборсизлик ҳоллари кузатилмоқда. Чунки оилада эр ва хотин “Иш-уй, уй-иш” формуласи асосида иш юритаётгандай гўё. Одатда ота-оналар ўз фарзандларига вақт ажрата олмаётганлигидан нолишади. Фарзандга эътиборнинг сустлиги эса унинг билим олишига, тарбиясига, маданий онгининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади.

3.      Янги келган юртдошларимизда маълум муддат тушкунлик ҳолати

Ватандан, яқинларидан узоқда бўлиши ва оиласидаги айрим ўзгаришлар натижасида маълум муддат тушкунлик рўй бермоқда. Янги келган оилаларда одатда эр ва хотин ишга шўнғиб кетади, вақт тиғизлиги Ўзбекистондаги каби жамоатчилик билан алоқада бўлиш имконини бермайди.

Энди эса ушбу муаммоларнинг олдини олишга, ечимини топишга йўл очиб берувчи омилларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Юқоридаги каби муаммоларнинг мавжудлиги ўзбек оилаларига ҳар томонлама яқиндан ёрдам кўрсатиш зарурати туғилди ва бир қанча жонкуярлар ташаббуси билан бизнинг “Vatandosh” Ўзбек-Америка жамиятига асос солинди. Жамиятимиз ўзининг қисқа фаолияти давомида бир қанча фойдали, хайрли ишларни амалга ошириб улгурди ва бунда миллий қадриятларимиз айнан мана шу муаммоларни тузатишга ижобий ёрдам беришига ишонч ҳосил қилдик.

Ўзбекистонда маҳалла деб аталмиш жамиятнинг сеҳрли бир бўлаги бор. Бу ерда яшаётган ўзбек оилалари учун айнан юртимиздагидек маҳалла етишмаяпти. Биламизки, нимаики дардимиз бўлса, аввало, маҳаллага мурожаат қиламиз. Бруклиндаги ўзбеклар асосан Ocean parkway ва Briton бўйлаб жойлашиб олган.

Айни кунларда жамиятимиз оқсоқолларини ҳудудий маҳаллаларга бириктириш тараддудидамиз. Агар бу ерда ҳам жамоатчилик билан фикр алмашиш имкони бўлса, янги келган оилалар ўзга муҳитга кўникиш жараёни енгилроқ кечарди. Одамларимизнинг бир бири билан жипслашуви, фикр алмашинуви ва манъавий-моддий кўмаклашиш мақсадида яқинда “Vatandosh” Ўзбек-Америка жамиятининг идораси иш бошлади. Бу идорада турли савол билан ёрдам сўраб мурожаат қилган юртдошларимизга ҳар томонлома кўмак кўрсатилади.

Бундан ташқари, АҚШдаги биринчи ўзбек газетаси мана 2 йилдан ошиқ ҳар ой чоп этилмоқда. Жамиятимиз фаолияти билан янаям яқиндан танишиш учун Vatandosh.org ва Vatandosh.com веб-саҳифалари ишлаб турибди.

Октябр ойидан бошлаб Бруклин шаҳрида бепул инглиз, ўзбек ва рус тили курслари ташкил этилди. Гапнинг очиғи, бошида бунчалик кўп одам йиғилади, деб ҳечам кутмагандик. Инглиз тилини ўрганиш мақсадида 120га яқин киши мурожаат қилишди, дарс ўтиш учун жой масалсида ҳалиям муаммоимиз борлиги учун 50 нафар юртдошларимиз инглиз тили, 12 нафар болакайлар ўзбек тилида, ва 30нафар ўқувчи рус тили курсларида таҳсил олишмоқда. Қолган талабгорлар кейинги ташкил этиладиган курслари кутиб туришибди. Юртдошларимиздаги тил ўрганишга бўлдан иштиёқилари жуда баланд эканлиги биз жуда қувонтирди, албатта.

Кейинги масала: Агар Ватанимиздаги каби одамларнинг муносабати яқин бўлганда ўзбек оилаларида тушкунлик деган муаммо бўлмасди. Масалан, Ўзбекистонда “Гап” деган йиғинлар, тўю тантаналар, умумхалқ байрамлари бор. АҚШда яшаётган ватандошларимиз ўртасида эса ҳолатда оқсоқликни олдини олиш мақсадида жамиятимиз яқинда Нью-Йоркда юртдошларимиз учун катта халқ сайли ўтказиб, уларга бир-бирлари биланн танишиш, фикр алмашиш имконини яратиб берди.

Бундан ташқари, куни кеча жамиятимиз жонкуярлари зарурат туғилган тақдирда дафн маросимларини ўтказиш учун кўмаклшиш мақсадида шу иш билан шуғулланувчи ташкилот билан келишувга эришди.

Биламиз, фарзанд тарбиясига ўзбек оилаларида жуда жиддий қаралади. Айниқса Ўзбекистонда фарзандни нафақат ота ёки она тарбиялайди, балки бува ва бувижонлар тарбия беришда фаол. Бу ерда эса бунинг имкони ҳар доим ҳам бўлавермайди. Ота-оналарга бу муаммоларни ҳам бартараф қилишга кўмаклашиш, миллий руҳ, маданиятимизни ёшларга сингдириш мақсадида идорамиз қошида ўзбек миллий рақс тўгараги, бепул ўзбек ва рус тили курслари очилган. Шу билан бирга, болаларимизни банд қилиш мақсадида Дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Мансур Жумаев бошчилигида Дзюдо мактабига асос солинди, ўзбек фарзандларининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратилди.

Ундан ташқари ҳозирда жамиятимизда ҳотин-қизлар фаоллигини ошириш, ўзбек оилаларининг мустаҳкамлигини таъминлашга, мактабдан кейинг тарибия гуруҳлари ташкил қилиб болаларимизда Ватанимиз тарихи ва адабиёти синфларини очиш, Америкадаги йиллик даромад солиқлари саводхонлигини оширувчи семинарлар ташкил қилишга қаратилган дастурлар устида ишлаяпмиз.

“Vatandosh” Ўзбек-Америка жамиятининг режалари жудаям улкан ва албатта, муаммоларимиз ҳам мавжуд. Бу йўлда Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси, АҚШ ва Канада Бухора яҳудийлари ҳамда она юртимиздан ташриф буюрган малакали мутахассисларимиз билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадимиз амалга ошишига умид қиламиз.