Жасур ҲАМРОЕВ: “Айрим санъаткорлар камбағалнинг тўйида куйлашдан ор қилади”

92542167

“Шу фамилияни ёзиб ҳам, гапириб ҳам чарчадик

“Шов-шув” ўз сайти раҳбари Жасур Ҳамроев Ўзбекистондаги шоу-бизнесидаги бугунги ҳолат ҳақида мулоҳаза юритди.

“Ўзини доно санайдиган айрим нодон машҳурларга ачинаман. Эски чориғини унутган, ўзини олий табақадан санайдиган ёхуд оддий халқдан ўзини устун қўядиганларни зимдан кузатиб, бу қадар ўткинчи ҳою ҳавасларнинг қули бўлишмаса, дея мийиғингда кулиб қўясан, киши”, деб ёзади муаллиф.

Жасур Ҳамроевнинг фикрича, мусиқий телеканалларнинг  вақтинча ғойиб бўлиши (ТВМ, СофТС, ФорумТВ ва бошқалар) ҳаммадан кўра кўпроқ “шоу-бизнесчи”ларни хавотирга солди. Қиммат-қиммат клиплар… Ярим-ялонғоч, ғарбона тақлидга шимдирилган клиплар ҳозирча уларнинг ўзидан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Омманинг онгига дазмолдан чиқиб келадиган даражада сингдиришга уринишганидан сўнг, одамлар ҳам ўзбек санъати шу экан-да дея чала пишган “бўтқа”ми, “атала”ми татиб кўришга мажбур!

“Мардмисиз? Энди майдонда синаласиз. Қисқа муддат ё узун… Муҳими, кўпчиликнинг ниқоби ечилади. Санъат элагидан бир ўтишга уриниб кўринг-чи?!  Санъатнинг ҳалол нони бўлишга яроқли “ун”мисиз ё “курмак”? Назаримда, буни виждонан билишни ўзингиз ҳам истасангиз керак, а?!”, дейди муаллиф.

Жасур Ҳамроев ТВ ва радиода айланмасдан қайси юлдуз ва юлдузчалар яшаб қолиши кўпчиликка қизиқлигини ёзади. “Турк қўшиқлари бош қароқчиси “Асалхўж…” (шу фамилияни ёзиб ҳам, гапириб ҳам чарчадик) кабиларнинг тўйма-тўй ёлғон фонограммаларига 600 доллар ҳақ тўланармикан энди? Ё қиммат автомашиналарини кўча-куйда, “инстаграм”да тинмай реклама қилишдан тоймайдиган, “мен санъатда пул учун куйламайман” дея лоф уриб, долларга кўз олайтирган ойимчаю ўзидан ёқимтой ясаб олганлар истеъдоди зўр эканлигига ишонтира олади?”, дейди у.

Миллий валютамиз билан ҳисоблашадиган юлдузлар қолдимикин шоу-бизнесда!?

Шов-шув сайти раҳбари “миллий валютамиз билан ҳисоблашадиган юлдузлар қолдимикан шоу-бизнесда!?”, деб риторик савол беради. “Умрида доллар ушлаб кўрмаганлар сизнинг шарт қўйган гонорарингизни ўйлаб, сўмни қандай “кўкартириш”га ҳайрон! Сўмни менсимасангиз… Бозорда боғидан узилган олма-анорини сўмга пуллайдиган деҳқоннинг ҳалол пешона терини, қабариб кетган қўлларини ҳурмат қилинг, ҳеч бўлмаса! Оғзингизни тўлдириб, “мини-диск” ё тўйхонага кўтариб борадиган компьютерингиз куйлагани учун ўзингизча баҳолаган нархни айтишдан олдин фалон доллар тўлашга қурби етмаганларнинг сиздек “зоти олий”ларининг ўз тўйида кўришдек соф ниятини пучга чиқаришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрсангиз бўлармиди (бош деб кўтариб юрганингиз қовоқ бўлмаса агар)?!”, дея яна қаттиқ мушоҳада билдиради муаллиф.

Жасур Ҳамроевга кўра, айримлар камбағалнинг тўйида куйлашдан ор қилади. “Нима қариндош-уруғингиз орасида юпуни йўқми ё сизни кўкларга кўтарган оддий халқингиз ҳурматига тупуришни чўнтагингизни озгина қаппайтирган “қоғоз”лар кучи “буйруқ” беради?”, давом эттиради ўз фикрини муаллиф.

Муаллиф айрим санъаткорлар қип-қизил “шантажчи” эканлигини айтиб, ҳақ гапни бетига айтсангиз, беозор қушчага ўхшаган нигоҳидан ўт сачрайди, дейди.

Жасур сўзига хотима қилар экан, ғарб юлдузларига тақлид қилишга нуқта қўйиш даври келганини ёзади. Уларнинг фалон гонорарлари, яна алламбалолари ҳақидаги ёғон хаёлларга берилиш – утопия. Бизнинг санъат бу бизники. Минг уринманг, сизлар улар каби, улар сизлар каби бўлолмайди! Шундай бағри бутун, содда, санъатсевар элнинг куйчиси бўлганингиз аслида энг катта бахтингиз. Аслида бу халқ учун асрлар оша куйласангиз, фалон гонарар илинжини бир четга суриб, қалбингизни бериб беминнат куйласангиз ҳаққингиз кетмайди.

Муаллифнинг фикрича, ўзбекнинг рози бўлиб берган бир сўми ҳам миллион барака бўлиб ўзингизни, керак бўлса, авлодингизни тўйдиради. Аввало, меҳрини сизлардан аямаётган, ўзи шундай меҳрга ташна оддий одамларнинг муҳаббатига муносиб бўлишга урининг.